Бугун оқшоми. Бюджет даромадлари таҳлили, ЙҲХБнинг қоидабузар автомобили ва Бағдоддаги тўқнашувлар

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Ўзбекистонда ярим йилда давлат бюджети даромадлари 92,6 трлн сўмни ташкил қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Ўзбекистонда 2022 йилнинг I ярим йиллиги учун Давлат бюджетининг даромадлари 92,6 триллион сўмни ташкил этди.

Бюджет даромадларининг ижроси бўйича дастлабки натижаларига кўра, кўрсаткич 2021 йилнинг I ярим йиллигига нисбатан 17,8 триллион сўм (+23,7 фоиз) кўп бўлган.

Солиқ тушумлари 71 триллион сўмни ёки даромадлар умумий ҳажмининг 76,7 фоизни ташкил этди. Божхона тушумлари 21,5 триллион сўмни ёки умумий ҳажмининг 23,2 фоизни ташкил этган.

Қорақалпоғистондаги воқеаларда қўлга олинган 24 нафар гумонланувчи оиласига қайтарилди.

Бош прокуратура томонидан Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган воқеаларни мустақил равишда ўрганаётган Комиссия аъзолари таклифи ва Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси илтимосномасига кўра, 24 нафар гумонланувчини жамоат кафиллиги асосида ўз оиласига қайтарилди.

Фото: Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили

Қайд этилишича, уларга нисбатан белгиланган қамоқ эҳтиёт чораси инсонпарварлик тамойили асосида жамоатчилик назорати ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасига алмаштирилган.

Бунда ушбу фуқароларнинг Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган воқеаларда содир этган қилмишларидан пушаймон экани, қарамоғида вояга етмаган фарзандлари борлиги, шунингдек, оилавий шароити оғирлиги, баъзи шахсларнинг оилада ёлғиз боқувчи бўлгани эътиборга олинган.

Сурхондарёда ЙҲХБ автомобили 77 та қоидбузарлик содир этгани аниқланди.

Сурхондарё вилояти прокуратураси вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБга тегишли «Tracker» автомобили йўл ҳаракати қоидаларини мунтазам равишда бузиб келгани, бироқ унга белгиланган жарималар ундирилмаётгани айтилган хабарларга муносабат билдирди.

Фото: ИИВ ЙҲХХ ахборот хизмати

Аниқланишича, Сурхондарё вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ тасарруфида бўлган махсус жиҳозланган «Tracker» хизмат автоулови Сурхондарё вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ЙПХБ 3-сафарбар гуруҳи командирига хизматда фойдаланиш учун бириктирилган.

Вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБда ўрнатилган махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали аниқланган ҳуқуқбузарликларни қайд этиш маълумотлар базаси текшириб кўрилганида, ушбу транспорт воситаси мулкдорига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг қатор моддаларига асосланган ҳолда 77 та ҳолатда белгиланган ҳаракат тезлиги оширганлик ҳолати юзасидан ЙҲХБ МАБ маъсул ходимлари томонидан жарима қарорлари тайинланган.

Ўзбекистонда Мустақиллик байрами муносабати билан пенсия тўловлари олдиндан юклаб берилади. Жамғарма сентябрь ойи учун пенсия ва нафақа тўлов қайдномаларини август ойида шакллантиради ҳамда пенсия ва нафақа тўловларини бошлаш учун етарли маблағларни 2022 йил 1 сентябрга қадар тижорат банкларига молиялаштириб беради.

Фото: «Bugun.uz»

Пенсия ва нафақа тўловларини нақд пульсиз (банк карта) шаклда олувчи фуқароларнинг жорий йил сентябрь ойи учун пенсия ва нафақалари 2022 йил 1 сентябрга қадар уларнинг банк пластик карталарига юклаб берилади. Пенсия ва нафақа тўловларини нақд шаклда олувчи фуқароларга 5 сентябрдан бошлаб тасдиқланган графиклар асосида тўловлар бошланади.

Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларига 190 мингдан зиёд абитуриент талабаликка тавсия этилди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, 2022/2023-ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари натижаларига кўра 190 375 нафар абитуриент талабаликка тавсия этилган. Шундан:

  • 39 962 нафари — давлат гранти;
  • 150 413 нафари — тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган.

Талабаликка тавсия этилган абитуриентларнинг таълим шакллари бўйича тақсимоти:

  • Кундузги таълим шакли — 118 352 нафар;
  • Сиртқи таълим шакли — 45 407 нафар;
  • Кечки таълим шакли — 9 139 нафар;
  • Масофавий таълим шакли — 3 416 нафар.

Танлов натижаларига кўра:

  • давлат гранти асосида ўртача балл — 121,2 баллни;
  • тўлов-контракт асосида ўртача балл — 95,9 баллни ташкил этди.

Тошкентда «Nexia-3» 41 ёшли пиёдани уриб юборди.

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати

Маълум қилинишича, 30 август куни соат 01:40 да туманнинг Мирзо Улуғбек кўчасида 22 ёшли Д.Я. «Nexia-3» автомобилини бошқариб кетаётиб, тартибга солинган пиёдалар йўлагидан ўтаётган пиёда 41 ёшли А.П.ни уриб юборган. Оқибатда пиёда ҳодиса жойида вафот этган.

«Kun.uz» нашрининг суд органларидаги манбаларига таяниб ёзишича, пиёдани уриб юборган автомобиль бошқарувида Тошкент шаҳар маъмурий суди судьясининг катта ёрдамчиси бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.

Беларусь президенти Шавкат Мирзиёевни Мустақиллик байрами билан табриклади.

Шавкат Мирзиёев 30 август куни Беларусь президенти Александр Лукашенко билан телефон орқали мулоқот қилди. Cуҳбат аввалида Беларусь раҳбари мамлакат етакчиси ва кўп миллатли халқини яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами билан муборакбод этди, Ўзбекистонга тинчлик-осойишталик, барқарор тараққиёт ва равнақ тилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Президенти, ўз навбатида, Беларусь раҳбарини таваллуд куни билан самимий қутлаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва катта муваффақиятлар тилади. Ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ва амалий шериклик лойиҳаларини илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.

Президент Арманистон бош вазири билан телефон орқали мулоқот қилди.

Шавкат Мирзиёев 30 август куни Арманистон бош вазири Никол Пашинян билан телефон орқали мулоқот қилди. Арманистон Ҳукумати раҳбари Ўзбекистон етакчисини яқинлашиб келаётган миллий байрам – Мустақиллик куни билан самимий табриклаб, Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилаган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Икки томонлама муносабатларни ва халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган. Амалий ҳамкорликни илгари суришнинг муҳим жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилган.

Ўзаро савдо ҳажмини ошириш, ишбилармон доиралар ва етакчи корхонларни фаол жалб қилган ҳолда кооперация лойиҳаларини амалга ошириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш учун самарали механизмларни шакллантиришдаги мавжуд имкониятлар қайд этилган. Минтақавий кун тартиби ва кўп томонлама тузилмалар доирасидаги мулоқотни кенгайтириш юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Хўш, оламда нима гап?

Ироқда сиёсий кучлар ўртасида тўқнашувлар бўлмоқда.

Ироқ пойтахти Бағдодда 29 август куни қайтадан бошланган тартибсизликлар қурбонлари сони 20 кишига етди, 300 дан ортиқ киши эса жароҳатланди. Шаҳардаги тартибсизликлар машҳур шиа етакчиси Муқтада ас-Садр сиёсатдан кетишини эълон қилгандан кейин бошланган. Унинг кетишига Ироқ ҳукумати муддатидан олдин парламент сайловлари ўтказиши ва ҳукумат таркибида шиа кучларидан иборат коалиция яратишни хоҳламаслиги сабаб бўлган.

Фото: «EPA»

Шундан сўнг Муқтада ас-Садрнинг юзлаб тарафдорлари Бағдоднинг давлат муассасалари ва мамлакатлар элчихоналари жойлашган «яшил ҳудуд»ига бостириб кирган. Намойишчилар ҳукумат қароргоҳига кириб, у ерда хавфсизлик кучлари билан тўқнашган. Улар ўқотар қурол ва кўздан ёш оқизувчи газ ёрдамида Республика саройини эгаллаган.

Маҳаллий матбуотга кўра, Бағдод ва Басрада ас-Садрга бўйсунувчи Сарая ас-Салом бригадаси ва шиа милицияси ал-Ҳашд аш-Шаби тузилмалари ўртасида шиддатли жанглар давом этмоқда. Томонлар миномёт ва оғир пулемётлардан фойдаланмоқда. Мамлакат расмийлари Ироқда комендантлик соати эълон қилган, тартиб ва хавфсизликни тиклашга ёрдам бериш учун Бағдодга мунтазам армия бўлинмалари юборилган. Тўқнашувларда аллақачон икки аскар ҳалок бўлган.

Россияда 14 та давлат иштирокида ҳарбий машғулотлар бошланади.

Россияда 1–7 сентябрь кунлари «Восток-2022» стратегик қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари бўлиб ўтади. Унда Озарбайжон, Жазоир, Арманистон, Беларусm, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Лаос, Мўғулистон, Никарагуа, Сурия ва Тожикистон мудофаа департаментлари иштирок этади.

Фото: «Sputnik»

Бу давлатларнинг ҳарбий контингентлари аллақачон Приморск ўлкасидаги «Сергеевский» полигонига етиб келган. Машғулотларда Шарқий ҳарбий округнинг жавобгарлик зонасида Россия ва унинг иттифоқчиларининг ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш ўрганилади.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Қутқарув кемасида баскетбол ўйнаётган муҳожирлар, намойишларни бостираётган ҳарбийлар, карантиндаги шаҳар — бугун суратлари
Жаҳон23:34 | 24.9.22
Қутқарув кемасида баскетбол ўйнаётган муҳожирлар, намойишларни бостираётган ҳарбийлар, карантиндаги шаҳар — бугун суратлари
Тожикистон Бош прокуратураси қирғиз ҳарбийлари ва фуқароларига нисбатан жиноий иш қўзғатди
Жаҳон22:25 | 24.9.22
Тожикистон Бош прокуратураси қирғиз ҳарбийлари ва фуқароларига нисбатан жиноий иш қўзғатди
Бугун оқшоми. Украиналик хакерлар ҳужумига учраётган «Мир», 60 ёшида талаба бўлган маҳалла раиси, «сафарбарлик»ка қарши намойишлар
Жамият, Жаҳон21:00 | 24.9.22
Бугун оқшоми. Украиналик хакерлар ҳужумига учраётган «Мир», 60 ёшида талаба бўлган маҳалла раиси, «сафарбарлик»ка қарши намойишлар
Бухорода олти тонна пахтани яширин равишда олиб кетаётган шахслар ушланди
Жамият20:35 | 24.9.22
Бухорода олти тонна пахтани яширин равишда олиб кетаётган шахслар ушланди
Путин сафарбарлик юзасидан янги қонун имзолади
Жаҳон20:14 | 24.9.22
Путин сафарбарлик юзасидан янги қонун имзолади
Туркия БМТ Хавфсизлик кенгашининг вето қўйиш ҳуқуқини бекор қилиш таклифи билан чиқди
Жаҳон19:42 | 24.9.22
Туркия БМТ Хавфсизлик кенгашининг вето қўйиш ҳуқуқини бекор қилиш таклифи билан чиқди