18:13 | 30.08.22 425

Шавкат Мирзиёев Мустақиллик байрами муносабати билан тақдирланганларга мукофотларни топширди — фото

Президент уларни табриклаб, эзгу тилаклар билдирган

30 август куни Кўксаройда Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармонларига мувофиқ, Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан тақдирланган ватандошларга мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев йиғилганларни Мустақиллик байрами ва мукофотлар билан табриклаб, эзгу тилаклар билдирган.

«Давлатимизнинг олий мукофотларини сиз, азизларга топшириш мен учун ҳам катта шараф. Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни, жойларда мукофотларни қабул қилиб олаётган юртдошларимизни чин юракдан табриклайман», – дейди Президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бугун Мамлакат тараққиётнинг янги босқичига қадам қўймоқда, улкан режа ва дастурлар амалга оширилмоқда. Давлат раҳбари мукофотланганларни ана шу ислоҳотларнинг ташаббускорлари, янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлари деб атаган.

«Ватан равнақи, халқ фаровонлиги учун меҳнат қилган одам ҳеч қачон кам бўлмайди. Бугун сизларнинг олижаноб ва мардона меҳнатингизни халқ муносиб баҳолаяпти, давлатимиз қадрлаяпти. Ҳамма сизларга ҳавас билан қарайди», – дейди у.

Фото: Президент матбуот хизмати

Кейинги пайтларда дунё таҳликали бўлиб бораётгани, рақобат кескин тус олиб, иқтисодий алоқаларда узилишлар бўлаётгани ҳақида фикр билдирилган.

«Бу мураккаб шароитда етти марта эмас, етмиш марта ўлчаб иш тутишимиз керак. Ташқи сиёсатимизни шундай тузаяпмизки, бизнинг яккаю ягона муддаомиз – Ўзбекистон манфаатини таъминлаш. Мақсадимиз – халқимизни рози қилиш. Бунинг учун имкониятлардан янада самарали фойдаланишимиз, жайдари қилиб айтганда, борини асраб, йўғини яратиб яшашимиз керак», – дейди давлат раҳбари.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, Президент мард ва жасур ҳарбийлар мамлакат сарҳадларини ҳимоя қилиш, эл-юртнинг тинчлиги ва осойишталигини сақлаш йўлида фидокорона хизмат қилаётганини қайд этган.

«Мен сизларни ўзимнинг энг яқин маслакдошларим, сафдошларим деб биламан. Барчамиз аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, садоқат билан меҳнат қилиб, янги Ўзбекистонни яратаётганимиз билан фахрланамиз. Халқимизга, сизлар каби мард ва шижоатли юртдошларимизга ишониб маррани катта олдик. Биз учун биттаю битта тўғри йўл, ягона мақсад бор: у ҳам бўлса, кўпмиллатли халқимиз, жонажон Ўзбекистонимиз манфаати йўлида хизмат қилишдир. Мана шу қутлуғ йўлда барчангизга омад ва муваффақиятлар ёр бўлишини тилайман», – дейди Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Шундан сўнг, давлат раҳбари мукофотларни тантанали равишда топширди. Мукофотланганлар юксак эътибор учун давлат раҳбарига миннатдорлик билдирган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев «Озарбойжон Республикасининг бир гуруҳ фуқароларини мукофотлаш тўғрисида»ги фармонни имзолаганди.