Бугун оқшоми. Горбачёв вафот этди, Мирзиёев Мустақиллик байрами тадбирида нутқ сўзлади

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Ўзбекистонда 1-синфга қанча ўқувчи қабул қилинди?

Фото: «Bugun.uz»

Умумтаълим муассасаларига 2022/2023-ўқув йилида биринчи синфга Ўзбекистон бўйича жами 587,7 минг нафар ўқувчи қабул қилинди.

1-синфга қабул қилинган ўқувчиларнинг 280,5 минг нафарини қиз болалар, 307,2 минг нафарини эса ўғил болалар ташкил этмоқда. Ҳудудлар кесими бўйича энг кўп Самарқанд вилоятида болалар 1-синфга қабул қилинган — 75,3 минг (қиз болалар 36 минг, ўғил болалар 39,3 минг).

ДХХ Зангиота ҳокимлиги ходимини пора билан қўлга олди.

Фото: «Bugun.uz»

Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ҳокимлиги ходими пора олаётганида қўлга тушди.

Маълум қилинишича, ДХХ Зангиота тумани ҳокимлиги ходими 2 нафар фуқарони Қирғизистондаги олий ўқув юртида ўқишлари ҳақида сохта ҳужжатлар тайёрлаб, сўнгра уларнинг ўқишларини Тошкентдаги олийгоҳлардан бирининг 2-босқичига кўчириб бериш эвазига 18 минг доллар олган вақтида ушлаган.

Тошкентда 54 бош тимсоҳ болаларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.

Кадр: Telegram

Тошкент аэропортида божхоначилар томонидан тимсоҳ болаларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.

Маълум қилинишича, Ислом Каримов номидаги Тошкент шаҳар халқаро аэропортида Ўзбекистонга тимсоҳ болаларини ноқонуний олиб кириш ҳолати аниқланган.

54 бош тимсоҳ болалари пластик идишларда ташилган, уларнинг ичида мева ва сабзавотлар ҳам бўлган. Текширув давомида ушбу ҳолат божхоначилар томонидан фош этилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тошкентда Мустақиллик байрами муносабати билан айрим кўчаларда автомобиллар ҳаракати чекланади.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати

Қайд этилишича, 31 август куни Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан тадбир ўтказилиши режалаштирилган.

Шу сабабли Тошкентнинг Янги Ўзбекистон, Маҳтумқули, Табаррук ва Чўлпон кўчаларида соат 18:00 дан 00:00 гача бўлган вақт оралиғида автотранспорт воситалари ҳаракати вақтинчалик чекланади.

«Юзага келаётган ноқулайликлар учун узр сўраймиз ва айланма йўллардан фойдаланишни тавсия қиламиз», дейилади хабарда.

Шавкат Мирзиёев Шаҳидлар хотираси хиёбонига борди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев 31 август эрта тонгда Шаҳидлар хотираси хиёбонида қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида иштирок этди. Шунингдек, давлат раҳбари «Янги Ўзбекистон» боғида Мустақиллик монументи пойига гул қўйган.

Давлат раҳбари қатағон қурбонларини ёд этиш давомида 80-йиллар воқеаларига тўхталди. Қайд этилишича, жадидларни қатағон қилиш учун сохта айбловлар ўйлаб чиқарилган.

«Бугун ҳам йўлда ўйланиб келяпман. 30-йилларни эски тарих деса, ‘пахта иши’-чи?! Етакчиларимизни қатағон қилиш учун сохта айбловлар ўйлаб чиқаришди-ку. Бошқа республикаларда йўқмиди камчилик? Бундай аламли воқеаларни ҳеч қачон унутиб бўлмайди.

Бугунгидай байрамларда, тинч-осойишта кунларда шуларни ҳам юрагимиздан ўтказиб, ёшларимизга етказишимиз керак», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев Мустақиллик монументига гулчамбар қўйди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълумот учун, ушбу мажмуа 2021 йилда, Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб бунёд этилган эди. Унда мамлакатнинг қадимги тарихидан бошлаб то бугунги кунгача бўлган энг муҳим воқеалар, буюк аллома ва жаҳонгир боболаримизнинг сиймолари акс эттирилган. Монументнинг энг юқори қисмида Ҳумо қуши тасвирланган.

«Мустақиллик монументи – она Ватанимиз, мард ва жасур, тинчликсевар ва меҳнаткаш, қаҳрамон халқимиз шарафига бунёд этилган буюк обида» — деган эди Шавкат Мирзиёев.

Маросимда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Тошкент шаҳар жамоатчилиги вакиллари ҳам иштирок этиб, монумент пойига гуллар қўйди.

Президент 31 август оқшомида «Янги Ўзбекистон» боғида Мустақиллик байрамига бағишланган тадбирда иштирок этиб, нутқ сўзлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбарининг маълум қилишича, бугунги Ўзбекистон кечаги Ўзбекистон эмас. «Биз олдинга ва фақат олға интиламиз, — дейди давлат раҳбари.

Президент, шунингдек, Янги Ўзбекистон қандай бўлиши кераклиги ҳақида фикр билдирди.

«Бизнинг мақсадимиз аниқ ва равшан. Янги Ўзбекистон:

– ҳар бир фуқаронинг ҳаётини янада яхшилаш мақсадида давлат хизматларидан фойдаланиш учун кенг имкониятлар берадиган;

– одамлар ўз муаммолари ҳақида очиқ гапириши ва уларнинг ечими учун биргаликда ҳаракат қилишларига барча шароитлар мавжуд бўлган;

– ҳамма учун адолатни сўзсиз таъминлаш имкониятини берадиган ҳамда фуқаролари ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенг бўлган;

– тадбиркорликнинг ривожланиши учун зарур шароитлар яратилган Давлат, десак, муболаға бўлмайди.

Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистон деганда, ҳар бир фуқароси учун ғамхўрлик қиладиган, очиқ ва адолатли жамият ҳам тушунилади», — деди давлат раҳбари.

Бундан ташқари, Президент 2026 йилгача қилинадиган 5 та устувор вазифани санаб ўтди, шунингдек, янги Конституция референдум асосида қабул қилинишини айтди.

Хўш, оламда нима гап?

Михаил Горбачёв 92 ёшда вафот этди.

Фото: «РИА Новости»

СССР парчаланишига том маънода «яхши» ҳисса қўшган КПСС Марказий қўмитасининг бош секретари Михаил Горбачёв 30 август куни тунда вафот этди. Маълум қилинишича, у оғир ва узоқ давом этган касалликдан сўнг Марказий клиник шифохонада вафот этган.

«Mash»нинг қайд этишича, Горбачёв гемодиализ олиш учун шифохонага ётқизилган. Унинг буйраги билан боғлиқ муаммолари бўлган. Шунингдек, «ТАСС» Горбачёв Москвадаги Новодевичий қабристонида рафиқаси ёнига дафн этилишини маълум қилди.

«Президентликдан аллақачон тўйганман» — Лукашенко.

Фото: Коммерсант»

Беларусь президенти Александр Лукашенко давлат раҳбари лавозимини ушлаб турмагани, унда ҳокимиятни сақлаб қолиш мақсади йўқлигини айтди.

Лукашенконинг сўзларига кўра, у ўзгартирилган конституцияга давлат раҳбарини бевосита сайлашни бекор қилиш таклифини киритишдан бош тортмаган. Президент агар бундай қилмаса, уни халқдан қўрқиб, ўз ўрнини сақлаб қолишга уринганликда айблашларини айтган.

Москва биржаси 12 сентябрдан ўзбек сўмида савдоларни бошлайди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, «ўзбек сўми — Россия рубли» янги валюта жуфтлиги профессионал бозор иштирокчиларининг савдо имкониятларини, уларнинг мижозлари – жисмоний ва юридик шахсларнинг, хусусан, ташқи иқтисодий фаолият субъектларининг савдо имкониятларини оширади.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Ўзбекистонда 26 сентябрь куни кузатиладиган об-ҳаво маълумоти эълон қилинди
Жамият7:07 | 26.9.22
Ўзбекистонда 26 сентябрь куни кузатиладиган об-ҳаво маълумоти эълон қилинди
АҚШ Россияга ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимоли бўйича жавоб беришга ваъда берди
Жамият22:34 | 25.9.22
АҚШ Россияга ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимоли бўйича жавоб беришга ваъда берди
Росcияда кундан-кунга авж олаётган ҳарбий сафарбарликка қарши митинглар — фоторепортаж
Жамият21:24 | 25.9.22
Росcияда кундан-кунга авж олаётган ҳарбий сафарбарликка қарши митинглар — фоторепортаж
Хориждан ўқишини кўчиришга ариза топширган 6 ярим минг нафар тиббиёт йўналиши талабасининг аризаси рад этилди
Жамият20:21 | 25.9.22
Хориждан ўқишини кўчиришга ариза топширган 6 ярим минг нафар тиббиёт йўналиши талабасининг аризаси рад этилди
Тошкентда Шарқшунослик университетининг янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди
Жамият, Тошкент ш.20:19 | 25.9.22
Тошкентда Шарқшунослик университетининг янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди
Ëқутистонда аёллар ҳарбий сафарбарликка қарши норозилик намойиши ўтказди — видео
Жамият19:15 | 25.9.22
Ëқутистонда аёллар ҳарбий сафарбарликка қарши норозилик намойиши ўтказди — видео