Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириш вақтинча тўхтатилди
Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати тизимида «Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими» жорий этилди. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида фойдаланишда бўлган «Автомототранспорт ҳисоби» ва «Ҳайдовчилик гувоҳномаси» тизимларида модернизация ва техник-профилактик ишлари амалга ошрилаётгани сабабли, ушбу тизимлар 31 август куни соат 20:00 дан 5 сентябрь куни соат 07:00га қадар фаолияти тўхтатилади.
Ягона интерактив Давлат хизматлари портали ва Давлат хизматлари марказларида, эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига алмаштириш ва бошқа автотранспорт воситасига боғлиқ давлат хизматларини кўрсатиш вақтинчалик тўхтатилади. Техник-профилактик тадбирлар якунлангани ҳақида қўшимча хабар берилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштиришни тўла рақамлаштириш ва янги гувоҳномаларни почта орқали етказиб беришни йўлга қўйиш масаласи чиқилаётгани ҳақида хабар берилганди. Давлетовнинг сўзларига кўра, эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштиришга келган фуқаролар узун навбатлар ҳосил қилмаслиги учун «права» олиш электрон шаклга ўтказилади.