Португалияда Европадаги энг катта динозаврнинг суяк қолдиқлари топилди — фото
Топилма устида 6 йил давомида қазиш ишлари олиб борилган
Португалиянинг Помбал шаҳрида Ерда мавжуд бўлган барча динозаврлар ва қуруқликдаги ҳайвонларнинг энг йирик турлари вакили бўлган брахиозавр қолдиқлари топилди. Бу ҳақда «Phys.org» хабар берди.

Тадқиқотчилар уни Европада топилган энг катта динозавр скелети деб атаган. Брахиозавр қолдиқлари турар-жой биноси орқасидаги ҳовлидан топилган. Қазилма парчалари 2017 йилда аниқланган. Лиссабон университети тадқиқотчилари эса қазиш ишларини бошлаган.
«Бундай ҳайвоннинг барча қовурғаларини топиш ғайриоддий, улар ўзининг дастлабки анатомик ҳолатини сақлаб қолгани ҳақида гапирмаса ҳам бўлади», — дейди Лиссабон университети мутахассиси Элизабет Малафая.
Тадқиқотчилар кейинги қазишмалар давомида динозаврнинг кўпроқ қисмларини топишга умид қилмоқда. Скелетнинг катталигига қараб, палеонтологлар унинг баландлиги 12 метр ва узунлиги 25 метрни бўлганини тахмин қилган.
Малафая шунингдек, бу динозавр тахминан 145 миллион йил олдин яшагани, кашфиёт юра даврини, хусусан, Пиреней ярим оролининг қадимий фаунасини ўрганиш учун муҳимлигини таъкидлаган.



Аввалроқ Астероид оқибатида ўлган динозаврнинг суяк қолдиқлари топилганди. Шунингдек, Перудаги чўлда 36 млн йил олдинги кит қолдиқлари аниқланганди.