Шавкат Мирзиёев янги Конституция умумхалқ референдуми асосида қабул қилинишини айтди
Президент нутқи давомида асосий қонуннинг янгиланиши ҳақида тўхталди
Шавкат Мирзиёев 31 август куни «Янги Ўзбекистон» боғида Мустақилликнинг 31 йиллигига бағишланган байрам тадбирида халққа мурожаат қилди ва Конституциянинг янгиланиши ҳақида тўхталди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари асосий муаллифи ва ижодкори халқ бўлган — янгиланаётган Конституция бу йўлда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилишини айтди.
«Албатта, бундай кенг кўламли вазифаларни амалга оширишда олдимизда турли қийинчилик ва муаммолар пайдо бўлиши табиий ҳол. Лекин ўз тарихида қанча-қанча синов ва машаққатларни бошидан кечирган мард ва матонатли халқимиз ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўтишга қодир. Мен бунга қатъий ишонаман.
Асосий қонунимизни шошилмасдан, чуқур ўйлаб, халқимиз билан маслаҳат қилиб, фақат умумхалқ референдуми асосида қабул қиламиз. Ишончим комил, Янги Конституциямиз чинакам халқ Қомуси, чинакам халқ Конституцияси бўлади», — деди Президент.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 20 июнь куни Конституциявий комиссия йиғилишида Конституцион ўзгаришлар бўйича реферндум ўтказишни таклиф қилганди. Давлат раҳбари ўзгаришлар референдум орқали амалга оширилса, бош қонун ҳақиқий халқ Конституцияси бўлишини айтган.