Сирдарёда икки танишини фоҳишалик учун Россияга юбормоқчи бўлган аёл ушланди
Ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда
Сирдарё вилоятида икки танишини фоҳишалик учун Россияга юбормоқчи бўлган аёл қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 22 август куни ИИБ ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда Жиззах вилоятида туғилган Мирзаобод туманида яшовчи 44 ёшли М.Р. ўзининг танишлари — 36 ёшли Д.Н. ҳамда 31 ёшли К.К.ни фоҳишалик ишларига ёллагани аниқланган.
У аёлларни Россияга жўнаиш учун электрон чипта расмийлаштириб, жўнатаётган вақтида Гулистон шаҳар ҳудудидан ўтган М-34 йўлининг Гулистон—Тошкент йўналишида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан далилий ашёлар билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Гулистон шаҳар ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан фуқаро М.Р. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми «б, э, з» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Тошкентда қизларни фоҳишалик учун Туркияга юбормоқчи бўлган аёл ушланганди. У фуқароларга мижоз ва кўп пул топишга ёрдамлашишини айтган.