22:34 | 31.08.22 491

Тошкентда ноқонуний олиб ўтилаётган 10 бош буқаламун тўхтатиб қолинди

Буқаламунларнинг қиймати 54,7 миллион сўмни ташкил қилади

Тошкент халқаро аэропортида 31 август куни божхоначилар томонидан 10 бош буқаламунларни ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Қайд этилишича, Мисрдан Тошкентга учиб келган фуқаролар аэропортнинг яшил йўлагидан ҳаракатланиш вақтида фуқаро Я.Ж. безовталаниши туфайли ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилган. Натижада Я.Ж.нинг юклари орасидаги пластик идишда 10 дона буқаламун борлиги аниқланган.

Шунингдек, буқаламунлар Тошкент ҳайвонот боғига топширилган бўлиб, ташиш ва сақлаш қоидаларига риоя қилинмаганлиги сабабли, мутахассислар томонидан улардан 6 тасининг аҳволи оғирлиги маълум қилинган. Таъкидланишича, буқаламунларнинг умумий қиймати 54,7 миллион сўмни ташкил қилади. Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Аввалроқ Тошкент аэропортида божхоначилар томонидан тимсоҳ болаларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилгани хабар берилганди. 54 бош тимсоҳ болалари пластик идишларда ташилган, уларнинг ичида мева ва сабзавотлар ҳам бўлган.