Бугун оқшоми. Покистонга юборилган инсонпарварлик ёрдами, цехдаги ёнғин ва Қозоғистонда навбатдан ташқари президентлик сайловлари

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Ўзбекистонда автомобилларни бошқариш учун ишончномаларни электрон олиш йўлга қўйилди.

Фото: «Bugun.uz»

Ўзбекистонда 1 сентябрдан бошлаб автотранспортни бошқариш учун ишончномаларни «My.gov.uz» орқали масофадан қулай нархда расмийлаштириш мумкин.

Қайд этилишича, эндиликда ҳайдовчилар ишончнома олиш учун нотариал идора излаб юрмайди, ҳужжатни тасдиқлатиш учун навбатларда ҳам туриш шарт эмас. Барча жараёнлар онлайн амалга оширилади.

Ҳужжат унутиб қолдирилганида ҳам муаммо юзага келмайди. Чунки ишончномалар ЙПХ ходимлари томонидан электрон текширилади. Электрон ишончнома учун алоҳида тўлов тартиби (давлат божи – БҲМ нинг 3 баравари – 900 минг сўм) белгиланган.

Бунда давлат божи:

  • 1 ойгача бўлган муддатга – 10 фоиз (90 минг сўм);
  • 6 ойгача бўлган муддатга – 50 фоиз (450 минг сўм);
  • 3 йилгача бўлган муддатга – 100 фоиз (900 минг сўм миқдорида) ундирилади.

Ўзбекистонга учта араб авиакомпанияси парвозларни йўлга қўяди.

Фото: «Alayam»

Ўзбекистон Саудия Арабистонининг «FlyNas», БААнинг «WizzAir» ва «Flydubai» компанияларининг авиапарвозларни амалга оширишига рухсат берди.

Маълум қилинишича, «WizzAir Abu Dhabi» авиакомпанияси Абу-Даби—Тошкент—Абу-Даби йўналишида парвоз қилади. «FlyNas» эса Жидда—Тошкент—Жидда , «Flydubai» Дубай–Наманган–Дубай йўналишида парвоз қилиш учун рухсат олган. Охирги компания аллақачон Тошкент ва Самарқанд аэропортларига рейсларни амалга оширмоқда.

Ўзбекистон Покистонга инсонпарварлик ёрдами жўнатди.

Фото: «Дунё» ахборот агентлиги

Аҳолиси мисли кўрилмаган муссон ёмғирлари оқибатида сув тошқинларидан азият чеккан Покистонга қардошларча ёрдам кўрсатиш мақсадида 1 сентябь куни Тошкентдан инсонпарварлик юки жўнатилди.

Покистонга ҳарбий ҳаво транспорти орқали қарийб 40 тонна юк етказилади. Инсонпарварлик юки таркибига озиқ-овқат маҳсулотлари, шу жумладан ўсимлик ёғи, ун, гуруч, гўшт консервалари, қандолат ва макарон маҳсулотлари, шунингдек тўқимачилик маҳсулотлари ва бошқа товарлар киритилган.

Келтирилишича, сўнгги бир неча ҳафта ичида Покистонда мисли кўрилмаган муссон ёмғирлари ва сув тошқинлари 30 миллиондан ортиқ кишининг кундалик ҳаётини издан чиқарган. Мамлакатнинг ғарби ва жанубидаги Балужистон ва Синд провинциялари энг кўп зарар кўрган. Юз минглаб одамлар бошпанасиз қолган.

Оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, Покистон дунё ҳамжамиятига ёрдам сўраб мурожаат қилган. Кучли ёмғир ва кенг кўламли тошқинлар натижасида 1000 дан ортиқ одам вафот этган.

Самарқандда бир нечта машина хавфли манёврлар қилиб ҳаракатланди.

Кадр: Telegram

Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси Ургут туманида машиналар хавфли манёврлар билан ҳаракатлангани тасвирланган видеога муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқларда Ургутда машиналарни гуруҳ-гуруҳ бўлиб, манёвр билан бошқараётган ҳайдовчиларнинг видеоси тарқалди. Видеодан кўриш мумкинки, бир нечта машина бир нечта «Lacetti» бошқа ҳайдовчиларга халақит берган ҳолда, аварияли ҳолатни юзага келтириб ҳаракатланган.

Уларнинг баъзилари дрифт ҳам уюштирган бўлса, айримлари, катта тезликда қайрилиб олиш манёврларини бажарган. ИИБ масъулига кўра, ҳозирда ушбу шахсларни топиш чоралари кўрилмоқда. Таъкидланишича, тасвирлардаги барча ҳайдовчиларга қонунда белгиланган тартибда чора кўрилиб, натижаси жамоатчиликка маълум қилинади.

Тошкентда технопаркдаги цехда ёнғин келиб чиқди. 

Кадр: Telegram / @nova24live

Тошкент шаҳри Яккасарой тумани 1 сентябрь куни технопарк ҳудудидаги ишлаб чиқариш цехида юзага келган ёнғин юзасидан расмий маълумот берилди. Cоат 16:26 да технопарк ҳудудидаги ишлаб чиқариш цехининг том ва ички қисмида дастлабки маълумотларга кўра тахминан 800-1000 квадрат/метр майдонида ёнғин содир бўлган.

Шунингдек, ёнғин-қутқарув экипажлари соат 16:31 да ҳодиса жойига етиб борган ва соат 17:29 да ёнғин қуршаб олинган. Айни вақтда ёнғинни бартараф этиш ишлари амалга оширилмоқда. Вазият тўлиқ назоратга олинган.

Ёнғин жойига Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти, шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва туман Фавқулодда вазиятлар бўлими раҳбар ходимлари етиб борган. Таъкидланишича, ҳозирда ёнғин оқибатида фуқароларни жароҳати олиш ва ҳалок бўлиш холатлари тўғрисида хабар келиб тушмаган.

Кейинроқ ФВВ ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди. Унга кўра, ёнғин оқибатида фуқароларни тан жароҳати олиш ва ҳалок бўлиш холатлари тўғрисида хабар келиб тушмаган. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Путин Мирзиёевни Мустақиллик байрами билан табриклади.

Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни Мустақиллик байрами билан табриклади. Табрикда икки давлат ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳида ривожланиб бораётганини таъкидланган.

«Ишончим комилки, биз биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан ўзаро манфаатли икки томонлама алоқаларнинг барча кўламини янада мустаҳкамлаймиз», дейилади телеграмма матнида.

Путин Ўзбекистон иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда умумеътироф этилган муваффақиятларга эришаётгани, жаҳон миқёсида ҳақли равишда юксак обрў-эътиборга эга эканини айтган. Президент табрик сўнгида Мирзиёевга соғлик ва муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига бахт ва фаровонлик тилаган.

Хўш, оламда нима гап?

Қозоғистонда кузда навбатдан ташқари президент сайловлари ўтказилади.

Фото: «Tengrinews»

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 2022 йил кузида навбатдан ташқари президентлик сайловлари ўтказилишини маълум қилди. Президент 1 августь куни халққа қилган мурожаатида бу бўйича маълумот берган.

«Мен шу йилнинг кузида навбатдан ташқари президентлик сайловларини ўтказишни таклиф қиламан. Адолатли Қозоғистонни барпо этиш йўлида кенг қамровли ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш учун халқнинг янги ишонч мандати зарур.

Мен учун давлат манфаатлари ҳамма нарсадан устун. Шунинг учун ваколат муддатимни қисқартириб, муддатидан олдин президентлик сайловларига тайёрман.

Шунингдек, президент ваколатларининг сони ва муддатини қайта кўриб чиқиш зарур. Мен президентлик муддатини 7 йиллик бир муддат билан чеклашни тавсия қиламан. Аммо қайта сайланиш тақиқланади», — дейди Тўқаев. Қозоғистон раҳбари мурожаатида 2023 йилда парламент сайловлари ҳам ўтказилишини айтган.

Малайзия собиқ биринчи хоними порахўрлик ортидан 10 йилга қамалди.

Фото: «EPA»

Малайзия суди собиқ бош вазир Нажиб Раззоқнинг рафиқаси Росмаҳ Мансорга 10 йиллик қамоқ ҳукми эълон қилди. Росмаҳга «1Malaysia Development Berhad» давлат фондини оммавий талон-тарож қилишда айбланиб қамалганидан кейин унга суд томонидан ҳукм чиқарилган. У 2016-2017 йиллар оралиғида компанияга Борнео оролидаги мактабларни қуёш энергияси панеллари билан таъминлаш лойиҳасида ёрдам бериш учун 187,5 миллион ринггит (42 миллион доллар) ва иккита 6,5 миллион ринггит (1,5 миллион доллар) олганликда айбланиб, судланган.

Суд уни ҳар бир айблов бўйича 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган, у бир вақтнинг ўзида 970 миллион ринггит (217 миллион доллар) миқдорида жаримага тортилган. Унга юқори судларга шикоят қилингунга қадар гаров эвазига озодликка чиқишга рухсат берилади. Прокурорлар Росмах коррупция йўли билан пора сўраганини ва ўзи учун мукофот сифатида пул олганини исботлаган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Ўзбекистонда 26 сентябрь куни кузатиладиган об-ҳаво маълумоти эълон қилинди
Жамият7:07 | 26.9.22
Ўзбекистонда 26 сентябрь куни кузатиладиган об-ҳаво маълумоти эълон қилинди
АҚШ Россияга ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимоли бўйича жавоб беришга ваъда берди
Жамият22:34 | 25.9.22
АҚШ Россияга ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимоли бўйича жавоб беришга ваъда берди
Росcияда кундан-кунга авж олаётган ҳарбий сафарбарликка қарши митинглар — фоторепортаж
Жамият21:24 | 25.9.22
Росcияда кундан-кунга авж олаётган ҳарбий сафарбарликка қарши митинглар — фоторепортаж
Хориждан ўқишини кўчиришга ариза топширган 6 ярим минг нафар тиббиёт йўналиши талабасининг аризаси рад этилди
Жамият20:21 | 25.9.22
Хориждан ўқишини кўчиришга ариза топширган 6 ярим минг нафар тиббиёт йўналиши талабасининг аризаси рад этилди
Тошкентда Шарқшунослик университетининг янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди
Жамият, Тошкент ш.20:19 | 25.9.22
Тошкентда Шарқшунослик университетининг янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди
Ëқутистонда аёллар ҳарбий сафарбарликка қарши норозилик намойиши ўтказди — видео
Жамият19:15 | 25.9.22
Ëқутистонда аёллар ҳарбий сафарбарликка қарши норозилик намойиши ўтказди — видео