Россияда 14 та давлат иштирокида ҳарбий машқлар бошланди — фото
Машғулотларда 50 мингдан ортиқ ҳарбий иштирок этади
Россияда 14 та давлат иштирокида «Восток-2022» стратегик қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари бўлиб ўтиши хабар қилинганди. Манёврларга 1 сентябрь куни старт берилди.

Машғулотларда Озарбайжон, Жазоир, Арманистон, Беларусь, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Лаос, Мўғулистон, Никарагуа, Сурия ва Тожикистон мудофаа департаментлари иштирок этади. Машқларнинг очилишини Россия мудофаа вазири ўринбосари, генерал-полковник Юнус-Бек Евкуров эълон қилган.

Машғулотларда Шарқий ҳарбий округнинг жавобгарлик зонасида Россия ва унинг иттифоқчиларининг ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш ўрганилади.
Минглаб ҳарбий хизматчилар тўққизта полигонда жанговар тайёргарлик вазифаларини бажаради.

Россия Мудофаа вазирлигига кўра, машқлар ҳеч қандай аниқ давлатлар ёки ҳарбий иттифоқларга қарши қаратилмаган ва соф мудофаа характерига эга.

«Восток-2022» стратегик қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари 7 сентябргача давом этади. Манёврлар, шу жумладан, Охот денгизи ва Япония денгизининг сувлари ва қирғоқ зоналарида ҳам ташкил этилади.

Ҳарбий машқларда 50 мингдан ортиқ ҳарбий, 5 мингдан ортиқ қурол-яроғ, жумладан, 140 самолёт, 60 ҳарбий кема, катер ва ёрдамчи кемалар иштирок этади.




Аввалроқ АҚШ ва Жанубий Корея КХДР чегараси яқинида ҳарбий машғулотлар бошлаганди. Шунингдек, АҚШ армияси Тожикистонда ҳарбий машғулотлар ўтказганди.