Самарқанддаги «Номсизтепа» археологик ёдгорлигига зарар етказилгани аниқланди
Етказилган зарар миқдори 4,3 млрд сўмни ташкил этмоқда
Самарқанд вилоятидаги яна бир археология объектига зарар етказаётган шахслар тўхтатилди, деб хабар беради Маданий мерос агентлиги.

Самарқанд вилояти Маданий мерос бошқармаси томонидан ўрганиш ишлари давомида Жомбой туманида жойлашган «Номсизтепа» археологик ёдгорлигига зарар етказиш ҳолати аниқланган.
Қайд этилишича, ушбу ёдгорлик Вазирлар Маҳкамасининг «Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори билан давлат ҳимоясига олинган. Ўганиш натижасида археологик ёдгорликнинг ғарбий томонидан узунлиги 120 метр энига 1,5 метр ва баландлиги 1 метр, умумий ҳажми 180 метр куб тупроқ текисланиб олингани маълум бўлган.
Ҳудудий бошқарма томонидан тупроқ қазиб олиш жараёни тўхтатилган ва жавобгарларга нисбатан огоҳлантириш берилган. Археология объектига етказилган зарар миқдори 4,3 миллиард сўм этиб белгиланган ҳамда ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда маданий мерос объектлари рақамли платформаси яратилиши, маданий мерос объектларини реставрация қилиш бўйича биринчи лаборатория ташкил этилгани ҳамда 2 та ОТМда Маданий мерос объектларини асраш факультети очилиши ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Танзила Норбоева айрим маданий мерос объектларининг номи бор-у, ўзи йўқ экани ҳақида гапирган.