15:20 | 03.09.22 87

Қирғизистон собиқ президенти БМТнинг Афғонистон бўйича махсус вакили бўлди

У Афғонистонга ёрдам кўрсатиш миссияси раҳбари этиб ҳам тайинланган

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Қирғизистоннинг собиқ президенти Роза Отунбаевани Афғонистон бўйича махсус вакил ва БМТнинг Афғонистонга ёрдам кўрсатиш миссияси раҳбари этиб тайинлади. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «RFE»

Маълум қилинишича, бунгача мазкур лавозимни канадалик Дебора Лайонс эгаллаган. Роза Отунбаева 1950 йил 23 августда туғилган. Ўшдаги мактабни, Москва давлат университетининг фалсафа факултетини олтин медал билан тамомлаган.

Қирғизистон ССРда партия ва давлат лавозимларида ишлаган, СССР Ташқи ишлар вазирлигида фаолият юритган.

СССР парчаланганидан кейин у Қирғизистонга қайтиб, юқори лавозимларда ишлаган, республика Ташқи ишлар вазирлигини бошқарган, БМТда ишлаган, мухолифат ҳаракатида қатнашган.

Апрель инқилобидан кейин у Муваққат ҳукуматни бошқарган. Референдум уни ўтиш давридаги президент этиб тасдиқлаган. 2011 йил 1 декабрда янги давлат раҳбари сайланганидан кейин у ўз ихтиёри билан истеъфога чиққан.

Аввалроқ БМТ Тожикистондан афғон қочқинлари депортациясини тўхтатишга чақирганди. Шунингдек, Тожикистон президенти афғон халқи юзасидан БМТга мурожаат қилганди.