АҚШ Тайванга 1,1 млрд долларлик ҳарбий техника сотади
Хитой бунга қарши чоралар кўриш билан таҳдид қилди
АҚШ Давлат департаменти Тайванга 1,1 миллиард долларлик потенциал ҳарбий техника, жумладан, 60 та кемага қарши ракета ва 100 та ҳаво ҳужуми ракеталарини сотишни маъқуллади. Хитой эса қарши чоралар кўриш билан таҳдид қилди, деб хабар бермоқда «Reuters».

Маълум бўлишича, савдо пакетига ҳаводан ва ердан ҳужум қилиш учун ишлатиладиган 85,6 миллион долларлик Sidewinder ракеталари, тахминан 355 миллион долларлик Harpoon кемага қарши ракеталари ва Тайваннинг кузатув радар дастурини қўллаб-қувватлаш киради.
Хитойнинг Вашингтондаги элчихонаси матбуот котиби Лю Пенгю ўз баёнотида қурол-яроғ сотилиши Хитой–АҚШ муносабатлари ҳамда Тайван бўғози бўйлаб тинчлик ва барқарорликни жиддий хавф остига қўйишини айтди. «Хитой вазиятнинг ривожланишидан келиб чиқиб, қонуний ва зарур қарши чораларни қатъий қабул қилади», — дейди у.
Президент Жо Байден маъмуриятининг таъкидлашича, пакет бир қанча вақтдан бери кўриб чиқилмоқда ва у Тайван–АҚШ қонунчилари билан маслаҳатлашган ҳолда ишлаб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, Тайван ҳарбийлари 1 сентябрь куни Хитой қирғоқлари яқинида биринчи марта номаълум фуқаролик дронини уриб туширганди. Тайван мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, дрон тушдан кейин Хитой соҳиллари яқинидаги Цзиньмэнь архипелагига яқин Львиний ороли устидан чекланган ҳаво ҳудудига кирган.