Фарғонада ҳайдовчи билан жанжаллашган инспектор ишдан олинди
Ҳайдовчи ҳолатни видео тасвирга олиб, интернетда тарқатган
Фарғона вилояти Бувайда туманида 25 апрель куни «Spark» ҳайдовчиси билан жанжаллашиб, уни ҳақоратлаган йўл-патруль хизмати ходими ишдан олинди. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавсизлиги бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, йўл-патруль хизмати инспектори А.К ва «Spark» ҳайдовчиси ўртасида ўзаро жанжал юзага келган. Инспектор машинани жарима майдончасига олиб кетиш вақтида ҳайдовчини ҳақоратлаган, ҳайдовчи ҳолатни тасвирга олиб тарқатган.
Шунингдек, ҳайдовчи М.Қнинг вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи номига қилган аризасига асосан ўтказилган текширув якунига кўра йўл-патруль хизмати инспектори сафдор А.К. вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг 8 май кунги буйруғига асосан эгаллаб турган лавозимида озод этилган.
Аввалроқ Тошкент шаҳрида ҳайдовчига сўкинган йўл-патруль хизмати ходимига чора кўрилганди. Шунингдек, Тошкентда ҳайдовчи билан тортишган йўл-патруль хизмати ходими огоҳлантирилган.