12:57 | 05.09.22 161

Кремль Қодировнинг истеъфога чиқиши мумкинлигига изоҳ берди

Чеченистон раҳбари лавозимида узоқ қолганини айтганди

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг истеъфога чиқиши мумкинлиги ҳақидаги баёнотларига муносабат билдирди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.

Фото: «РБК»

Песковнинг сўзларига кўра, ҳозирча Кремль Қодировнинг ўз лавозимида қолишидан келиб чиқмоқда.

«Агар мен тўғри тушунган бўлсам, бу хабарлар ҳали амалга ошмаган. Шунинг учун биз Қодиров Чеченистонни бошқаришда давом этаётганидан келиб чиқамиз», — деган Песков.

Эслатиб ўтамиз, Рамзан Қодиров 3 сентябрда ўзи эгаллаб турган Чеченистон раҳбари лавозимида «жуда узоқ қолгани» ва «чексиз ва узоқ таътилга» лойиқ эканини айтганди.

У Россия таъсис субъэктларининг ҳозирги раҳбарлари орасида «узоқ умр кўрган»лигини айтган.

«Дўстлар, Россиядаги субъектлар раҳбарлари орасида энг узоқ вақтдан буён ишлаб келаётганимни билдим. Ўзим ҳам кўп қолиб кетганимни сезгандим. Узоқ муддатли таътилга лойиқман деб ўйлайман. Мени тушунасиз ва қўллаб-қувватлайсиз деган умиддаман.

Биз кавказликларда бир гап бор: меҳмон ҳар қанча қадрли бўлмасин унинг вақтида кетгани янада ёқимли бўлади. Шундай экан мени ҳам ҳайдаб юбормасларидан вақтим келди деб ўйлайман», — деган Қодиров.

Аввалроқ Рамзан Қодиров ўзининг Украинадаги навбатдаги вазифасини айтганди. Шунингдек,Қодиров Украинадаги «махсус операцияни» тугатиш шартини маълум қилганди.