Ўзбекистондан Россияга бораётган муҳожирлар сони ортди
Марказий Осиёнинг яна икки давлатидан мигрантлар оқими ошган
Россияга Марказий Осиёдан келувчи ишчилар сони кескин ортди. Бу ҳақда «Sputnik» хабар берди.

Миллатлар ишлари бўйича федерал агентлик раҳбари Игорь Баринов мигрантлар сони 2022 йилнинг ўтган ойларида 2021 йилга нисбатан 30 фоизга ошганини айтган. «Аслида муҳожирлар оқими Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келади», — деган у.
Расмий яқин келажакда Тожикистон ва Қирғизистон билан мигрантларни тайёрлаш маркази очилиши, бундай марказ Ўзбекистонда ҳам фаолият юритаётганини айтган. У Россияга келаётган муҳожирлар Россия қонунчилиги, тили ва маданиятини билиши кераклигини таъкидлаган.
«Афсуски, бизга келган одамлар урф-одатимиз, маданиятимиз ҳақида жуда кам тушунчага эга. Бу бўшлиқни бартараф этиш, инсоннинг ҳам ҳуқуқий, ҳам юридик, ҳам этник-маданий, ҳам диний маълумотларни олиши учун мазкур марказлар ташкил этилмоқда», — деган Баринов.
Таъкидланишича, 2022 йилнинг иккинчи чорагида Россияга 3,12 миллионга яқин меҳнат муҳожири келган. Маълумот ўрнида, 2 миллиондан ортиқ ўзбекистонликлар хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширмоқда. «Уларнинг 1,5 миллиони Россияда, 350 дан ортиғи Қозоғистонда, 150 га яқини Туркияда, 50 мингга яқини эса Жанубий Кореяда», — деган Меҳнат вазирлиги бошқарма бошлиғи Зоҳид Асқаров.
Аввалроқ Россияда мигрантларнинг квартирасини текшириш бошланганди. Шунингдек, Россияда мигрантларга бепул тиббий хизмат кўрсатилиши белгиланганди.