Ўзбекистонда раҳбарликка тасодифан келиб қолишнинг олди олинади
Номзодлар 2500 нафар давлат хизматчиси орасидан Миллий кадрлар захирасига саралаб олинган
Президент Администрацияси ҳамда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги масъул вакиллари иштирокида 6 сентябрь куни Миллий кадрлар захирасига олинган салоҳиятли номзодлар очиқ мулоқот ташкил этилди. Бу ҳақда Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, бир гуруҳ давлат фуқаролик хизматчилари Миллий кадрлар захирасига олинган. Улар эндиликда aгентлик томонидан ишлаб чиқилган махсус дастур асосида малака оширади.
Номзодлар 2 500 нафар давлат хизматчиси орасидан сараланган ва улар учун бугундан масофавий малака ошириш курслари бошланган. Шу билан бирга номзодлар учун вазирлик ва идораларда амалиёт, хорижий стажировка ҳам ташкил этилади.
Шунингдек, тизим илғор хорижий тажриба ва миллий амалиёт уйғунлиги асосида такомиллашган. Дастурдан кўзланган мақсад миллий, республика, тармоқ ва ҳудудий даражаларда профессионал тайёрланган самарали кадрлар захирасини шакллантиришлиги айтилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев раислигида давлат хизматини ислоҳ қилиш бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилгани ҳақида хабар берилганди. Унда Президент давлат идораларида «маҳалладан – республикагача» тамойили асосида кадрларни ўстириш тизими жорий қилинишини таъкидлаган.