Самарқанддаги ШҲТ саммити тарихий қарорлар қабул қилинадиган майдонга айланади

Самарқанд шаҳрида 15–16 сентябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлатларининг кенг кўламли саммити бўлиб ўтади. ШҲТ ишлари бўйича миллий координатор Раҳматулла Нуримбетов саммитга тайёргарлик ҳақида гапириб, мазкур тадбир якуний босқичга қадам қўяётган Ўзбекистоннинг ташкилотга раислигининг интиҳоси бўлишини таъкидлади.

Фото: «Sputnik»

Қайд этилишича, раислик доирасида Ўзбекистон ШҲТнинг 80 дан ортиқ тадбирларини ўтказган, уларда саноат ва технологик ҳамкорликни ривожлантириш, АКТ, рақамли трансформация, минтақалараро савдо ва транспорт бўйича ўзаро боғлиқлигини рағбатлантириш, хавфсизликни таъминлаш ҳамда кибертаҳдидлардан ҳимояланиш масалаларига эътибор қаратилган.

«Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислигимизнинг авж нуқтаси, шубҳасиз, Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг 22-йиғилиши бўлади, унга тайёргарлик ишлари айни дамда якуний босқичда», — дейди Раҳматулла Нуримбетов.

Шавкат Мирзиёев 24 август куни Самарқандга шахсан ташриф буюриб, саммитга тайёргарлик, шаҳарда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар билан танишганди.

Саммит иштирокчилари

ШҲТ давлатларининг барча раҳбарлари саммитда иштирок этишини тасдиқлади: Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон.

Бундан ташқари, йиғилишга ШҲТ кузатувчи давлатлари — Беларусь, Эрон ва Мўғулистон раҳбарлари ҳам келади. Шунингдек, Ўзбекистон раис сифатида саммитга бир қанча меҳмонларни, жумладан, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва Туркманистон раҳбари Сердар Бердимуҳамедовни таклиф қилган.

Келтирилишича, Самарқандга ШҲТ билан расмий алоқаларга эга халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари ҳам келади. Улар қуйидагилардан иборат:

  • Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ);
  • БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (UNECE);
  • БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНEСКО);
  • Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ);
  • Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ);
  • Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ);
  • Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чора-тадбирлари бўйича кенгаш (CICА);
  • Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ECO);
  • Араб далатлари лигаси (АДЛ).

Самарқандда жами 15 та давлат раҳбарлари ва 10 та халқаро ташкилот вакиллари учрашади.

Раҳматулла Нуримбетовнинг қайд этишича, Сурия президентини ШҲТ саммитига таклиф қилиш масаласи кўтарилмаган, Башар Асаднинг Самарқандга келиши ҳақиқатга тўғри келмайди.

Тарихий учрашув

Саммитнинг асосий мавзуси замонавий давлатлараро муносабатларнинг ўзгариши фонида ШҲТ мамлакатлари олдида турган янги чақириқ ва вазифаларни муҳокама қилиш бўлади. Томонлар халқаро ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашиб, ташкилотни янада ривожлантириш учун тарихий аҳамиятга эга бўлган қатор муҳим қарорларни имзолайди.

Ўзбекистон раислигида ўтказилган ШҲТнинг деярли барча вазирлар ва экспертлар учрашувлари ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг мажлисини мазмунли тўлдиришга қаратилган бўлган. ШҲТнинг ҳамкорликни янги босқичга кўтариш билан кўп қиррали ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган 30 та мувофиқлаштирилган ҳужжат аллақачон тайёрланган.

«Биз қўшимча ҳужжатлар рўйхати устида ишлаяпмиз, улар ҳам Самарқанд саммитига тақдим этилади», — дейди Нуримбетов.

Саммитнинг асосий якуний ҳужжати Самарқанд декларацияси бўлиб, унда ташкилотни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берган ҳолда минтақавий ва глобал муаммоларни ҳал қилишда ШҲТ давлатларининг умумий ёндашувлари акс этади.

Таъкидланишича, шунингдек, қуйидаги бошқа муҳим ҳужжатлар ҳам имзолаш режалаштирилган:

  • Узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани амалга оширишнинг комплекс режаси;
  • Ўзаро боғлиқликни ривожлантириш ва самарали транспорт коридорларини яратиш бўйича ҳамкорлик концепцияси;
  • Саноат кооперациясини рағбатлантириш дастури;
  • «ШҲТнинг яхши ният элчиси» фахрий унвони тўғрисидаги низом.

ШҲТнинг кенгайиши

Йиғилишнинг муҳим устувор йўналишларидан бири ташкилотни кенгайтириш масаласи бўлади. Эрон мамлакатга ШҲТга аъзо бўлиш учун тўғридан-тўғри йўл очадиган мажбурият меморандумини имзолаши кутилмоқда.

Бундан ташқари, Миср, Қатар ва Саудия Арабистони билан мулоқот бўйича ҳамкор мақомини бериш юзасидан меморандумлар имзоланади. Баҳрайн ва Малдив ороллари билан ҳамкор мақомини олиш учун аризаларни тасдиқлаш кутилмоқда.

Томонлар Беларуснинг тўлиқ аъзолик тўғрисидаги аризасини, шунингдек, бошқа давлатларнинг кузатувчи ва мулоқот бўйича ҳамкор мақоми ҳақидаги сўровларини кўриб чиқади.

«Саммит ҳужжатларининг якуний рўйхати ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг учрашуви арафасида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Миллий координаторлар кенгаши томонидан келишиб олинади», — дейди Раҳматулла Нуримбетов.

Ўзбекистоннинг кутилмалари

Нуримбетовнинг таъкидлашича, Самарқандда бўлиб ўтадиган саммит ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларига глобал кун тартибидаги бир қатор долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун ўз вақтида ва самарали платформа яратиш алоҳида аҳамиятга эга.

Ўзбекистон томонининг ишонч билдиришича, Самарқанддаги саммит унинг иштирокчилари ўртасида хавфсизлик, барқарор ривожланиш, ўзаро ҳурмат, дўстлик ва яхши қўшничилик тамойилларига асосланган ўзаро боғлиқлик ҳамда ҳамкорликни рағбатлантириш масалалари бўйича конструктив муҳокама учун ўзига хос халқаро майдонга айланади.

Саммит натижалари ШҲТнинг ёш тарихининг — учинчи ўн йиллигининг ривожланишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.

«Шубҳасиз, бўлажак учрашув Ўзбекистон Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида кенг минтақавий ва халқаро ҳамкорликка йўналтирилган фаол, очиқ ва прагматик ташқи сиёсатининг яна бир ёрқин намойиши бўлади», — дейди координатор.

Тошкентда ЙПХ ходимларидан қочган Nexia ариққа тушиб кетди — видео
Медиа, Янгиликлар11:45 | 30.11.22
Тошкентда ЙПХ ходимларидан қочган Nexia ариққа тушиб кетди — видео
Тошкентнинг қатор кўчаларида ҳаракат вақтинча чекланди
Янгиликлар11:28 | 30.11.22
Тошкентнинг қатор кўчаларида ҳаракат вақтинча чекланди
Тошкентда чақирув бўйича борган профилактика инспектори ўлдирилди
Янгиликлар11:04 | 30.11.22
Тошкентда чақирув бўйича борган профилактика инспектори ўлдирилди
Самарқандда Америкага Мексика орқали юборишни ваъда қилган йигит ушланди
Янгиликлар10:49 | 30.11.22
Самарқандда Америкага Мексика орқали юборишни ваъда қилган йигит ушланди
Камолиддин Раббимов Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон иттифоқини тузиш ҳақидаги гапларга муносабат билдирди
Янгиликлар10:32 | 30.11.22
Камолиддин Раббимов Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон иттифоқини тузиш ҳақидаги гапларга муносабат билдирди
Ўзбекистонда коронавирус билан кунлик касалланиш ҳолати 140 кишидан ошди
Янгиликлар9:55 | 30.11.22
Ўзбекистонда коронавирус билан кунлик касалланиш ҳолати 140 кишидан ошди