Тошкентдаги ресторанда ёнғин содир бўлди — видео
Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда
Тошкент шаҳар Миробод тумани Шаҳрисабз кўчасида жойлашган «Brasserie» ресторанида 7 сентябрь куни соат 17:31 да ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, 4 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 17:40 да воқеа жойига етиб борган ва ёнғин соат 17:51 да бартараф этилган. Ёнғин оқибатида ресторан ошхонасининг тахминан 50 квадрат метр майдонда томи ва шифт қисми ёниб зарарланган. Ёнғиндан бинонинг 200 квадрат метр майдони сақлаб қолинган.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олиш ва ҳалок бўлиш ҳолатлари қайд этилмаган. Ҳозирда ёнғинни келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Аввалроқ Тошкент шаҳри Яккасарой тумани 1 сентябрь куни технопарк ҳудудидаги ишлаб чиқариш цехида юзага келган ёнғин юзасидан расмий маълумот берилганди. Шунингдек, пойтахтдаги атир-упа дўконида йирик ёнғин содир бўлгани хабар қилинганди.