Албания киберҳужум сабабли Эрон билан дипломатик алоқани узди
Киберҳужумда нима нишонга олингани маълум қилинди
Албания бош вазири Эди Рама Эронни аҳолига хизмат кўрсатувчи давлат хизматига киберҳужум уюштиришга уринганликда айблаб, у билан дипломатик муносабатлар узилганини айтди. Бу ҳақда «BBC» хабар берди.

Маълум қилинишича, дипломатлар ва элчихонага алоқадор барча Эрон бўлимлари ходимлари 24 соат ичида Албанияни тарк этиши шарт. Эрон нафақат давлат хизмати инфратузилмасига ҳужум қилишга уринган, балки турли кибергуруҳларни ҳам молиялаштиргани айтилмоқда.
Таъкидланишича, ҳужумнинг мақсади тизимларни издан чиқариш ва ҳукумат маълумотларини ўғирлаш бўлган. Киберҳужум муваффақиятсизликка учрагани, шунинг учун етказилган зарар унчалик катта бўлмагани қайд этилган.
«Ушбу қарор Эрон Ислом Республикаси элчихонасига, барча дипломатик ва техник-маъмурий ходимларга, шу жумладан хавфсизлик ходимларига 24 соат ичида Албания ҳудудини тарк этиши керак бўлган расмий нотада маълум қилинди», — дейди Албания бош вазири.
Ўз навбатида, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Албаниянинг дипломатик алоқаларни узиш қарорини қоралаган.
«Бундай айбловлар асосида Эрон билан сиёсий алоқаларни узиш ноўрин.
Эрон киберҳужумлар қурбонларидан бири сифатида бошқа мамлакатларнинг инфратузилмасига ҳужум қилиш учун киберссоҳадан ҳар қандай фойдаланишни рад этади ва қоралайди», дейилади Эрон ТИВ муносабатида.
Вазирлик Эронга нисбатан тегишли айбловлар қўйишда учинчи давлатларнинг ролига ишора қилган.
«Бундай қадам терроризмни қўллаб-қувватловчи давлатлар таъсири билан боғлиқ», дейилган хабарда.
Аввалроқ АҚШ Эрон ва Россияга алоқадор махфий маълумотни маълум қилганди. Шунингдек, Эрон олимларининг ўлимига алоқадор давлатни айтганди.