10:56 | 08.09.22 159

ФВВ Ўзбекистонда кутилаётган ноқулай об-ҳаво сабаб аҳолига мурожаат қилди

«Ўзгидромет» айрим ҳудудларда қор ёғиши мумкинлигини эълон қилганди

Ўзбекистон ҳудудида 10-12 сентябрь кунлари шамол тезлиги сониясига 15-18 метргача етиши мумкин. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолини айрим жойларда чанг-тўзонлар кузатилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Ўзбекистон ҳудудига Волга бўйи ҳудудларидан бироз нам ва салқин ҳаво кириб келиши тўғрисида хабар берилганди. 11 сентябрда Сурхондарё вилоятида ва Фарғона водийси вилоятларида шамолнинг кучайиши баъзи жойларда 20-23 метр/сонияга етиши мумкин.

11 сентябрда Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида, 12 сентябрда Фарғона водийси вилоятларида бироз ёмғир ёғади. Республиканинг тоғли ҳудудларида ёмғир ёғади, баланд тоғларда (2500 метрдан юқори) ёмғир қорга айланиши мумкин.

«Шу ўринда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолидан эҳтиёткорлик чораларини кўришни сўрайди. Шунингдек, кучли шамол вақтида автомобилларни дарахтлар остида қолдирмасликни тавсия этади», — дейилади хабарда.

Аввалроқ ҳафтанинг биринчи ярмида Ўзбекистон ҳудуди бўйича қуруқ ва бироз иссиқ об-ҳаво сақланиб туриши, куз фаслининг боши учун меъёрий қийматлардан бироз илиқроқ бўлиши айтилганди.