Садир Жапаровнинг акаси қуйма олтин билан тушган сурати муҳокамаларга сабаб бўлди
Қирғизистон президенти матбуот котиби бунга изоҳ берди
Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг акаси Собир Жапаровнинг қуйма олтин билан тушган сурати муҳокамаларга сабаб бўлди. Бу ҳақда «Sputnik» хабар берди.

Президент матбуот котиби Эрбол Султонбоев ижтимоий тармоқларда тарқалган сурат эски ва бугунги кунга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтган. У бу бўйича тафсилотларни кейинроқ айтиб беришга ваъда берган.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон президентининг шахсий суратлари ҳам муҳокама марказида бўлган. Жумладан, Садир Жапаров ва рафиқасининг қимматбаҳо чанғи либоси муҳокамаларга сабаб бўлган. Уларнинг либослари қимматбаҳо маркали курткаларга жуда ўхшашлиги айтилган. Тахминларга кўра, президент эгнидаги куртка «Lynn» брендига тегишли бўлиб, 105 минг сом (тахминан 13 миллион сўм) туради. Биринчи хонимнинг устидаги куртка эса «Toni Sailer» брендига тегишли бўлиб, нахри тахминан 140 минг сомни (тахминан 20 миллион сўм) ташкил қилади.
Шунингдек, Садир Жапаровнинг қиммат курткаси ҳам муҳокамаларга сабаб бўлганди.