Сирли режа ва махсус код: Британия ҳукумати Елизавета II вафот этган тақдирда қандай ҳаракатларни амалга оширади?

Қиролича Елизавета IIʼнинг соғлиғи ёмонлашди. Сўнгги янгиликларни «Bugun — LIVE» канали орқали кузатиб боринг.

Шифокорлар 8 сентябрь куни Британия қироличаси Елизавета II’нинг соғлиғидан хавотирда экани ва унга назоратда бўлишни тавсия қилди, дея хабар берди Букингем саройи.

Фото: «The Vairety»

Ҳозирда Британиянинг 96 ёшли қироличаси, одатда, ёз ва кузнинг бошида бўладиган Шотландиянинг Балморал қалъасида. Кекса ёши ва «ҳаракатланишдаги муаммолари» туфайли Елизавета II узоқ йиллик анъанани бузди ва 6 сентябрь куни Лиз Трассни Буюк Британиянинг янги бош вазири лавозимига расман тасдиқлаш учун Балморални тарк этиб, Лондонга бормади.

«Эски ҳавотир»

Монархнинг соғлиғи Британияни 2021 йилнинг кузидан бери алоҳида ташвишга солмоқда. 2021 йил октябрь ойида Буюк Британия қироличаси Елизавета II шифокорлар тавсиясига кўра бир қанча йирик тадбирларда иштирок этишдан бош тортди.

95 ёшли қиролича 20 октябрь куни Шимолий Ирландияга икки кунлик ташрифини бекор қилгани маълум бўлди. Букингем саройига кўра, у шифокорларнинг маслаҳтига кирган ва дам олиш режимига ўтган. Ушбу мажбурий дам олишдан сўнг Елизавета II тунни касалхонада ўтказган, у ерда текширувдан ўтиб, кейин Виндзор қалъасига қайтган.

Айни пайтда эса Буюк Британияда мотам маросимига ҳамма нарса тайёр. Кўп йиллик анъаналарга кўра, Британия монархи вафот этган тақдирда дафн маросимини ташкил этиш ва ҳаракатлар режаси олдиндан ишлаб чиқилади ва махсус кодли ном олади. Хусусан, аввалги қироличанинг дафн режаси «Тэй кўприги» деб номланган ва 2002 йилда амалга оширилишидан йигирма йил олдин тайёр қилинган. Елизавета II’нинг турмуш ўртоғи шаҳзода Филиппнинг вафоти муносабати билан ўтказилган мотам маросимлари эса «Форт кўприги операцияси» деб номланган, шаҳзода Чарльз вафот этган тақдирда амалга ошриладиган мотам режаси эса «Менай устидан кўприк» номини олган.

Елизавета II мисолида ушбу чора-тадбирлар тўплами «Лондон кўприги» деб номланган ва 1960 йиллардан бери ишлаб чиқилган ва доимий равишда янгиланган. Ушбу режанинг янги тафсилотлари ҳақида матбуотда мунтазам хабарлар чиқиб туради. Унга кўра, қиролича вафот этган кун «Д-кун» деб қайд этилади ва режаларда ҳар бир кейинги кун «Д + 1», «Д + 2» ва ҳоказо деб номланади. Қиролича вафотидан кейин 11-куни (Д + 10) Виндзор қалъасига дафн этилади. Бу вақт давомида Буюк Британияда мотам бўлади: мамлакатда ҳатто парламент ва биржа иши тўхтайди.

Елизавета II вафотидан кейинги дастлабки соатлар

«Лондон кўприги қулади» — Елизавета II вафот этган тақдирда ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режаси айнан шу ибора билан амалга оширилади. Тахминларга кўра, бош вазирга ушбу кодли ибора махсус қўнғироқ орқали қироличанинг шахсий котиби томонидан айтилади. Шунингдек, Елизавета II’нинг ўлими ҳақида биринчи бўлиб хабар топадиганлар қаторида Вазирлар Маҳкамаси котиби (у вазирларни хабардор қилади) ва қироличанинг шахсий кенгашининг идораси — Буюк Британия монархининг маслаҳатчилар органи бўлади.

Қироличанинг ўлими ҳақида бош вазирга хабар берилгандан сўнг 10 дақиқа ичида Лондондаги ҳукумат бинолари мажмуаси бўлган Уайтхолл байроқлари туширилади. Британия Ташқи ишлар вазирлигининг Глобал жавоб маркази қироличанинг ўлими ҳақида Миллатлар Ҳамдўстлигининг бошқа элликта давлатини, шу жумладан, Британия монархи бошлиқ ҳисобланган 15 мамлакатни хабардор қилади.

Қироллик оиласи қироличанинг ўлими ҳақидаги расмий эълонни ўз веб-сайтида эълон қилади. Жаҳон оммавий ахборот воситалари Елизавета II’нинг ўлими ҳақида BBC ва Буюк Британиянинг миллий ахборот агентлиги бўлган «Press Association» хабарларидан билиб олади. Бир нечта BBC каналларининг кўрсатувлари бирлаштирилади, кўнгилочар ва бошқа номақбул дастурлар эфир сеткасидан олиб ташланади, бошловчилар эса олдиндан тайёрланган тўқ рангли кийимларни кияди.

Фото: «The News International»

Қиролича вафотидан кейин халққа мурожаат қиладиган биринчи олий мансабдор шахс бош вазир бўлади. Ҳукуматнинг қолган барча аъзоларига унинг нутқидан олдин изоҳ бермаслик топширилади. Бутун мамлакат бўйлаб бир дақиқалик сукут эълон қилинади, армия қуроллари барча мумкин бўлган нуқталарда мотам ўқларини отади.

Тахминларга кўра, монарх вафотидан кейинги биринчи кунда бош вазир янги қирол билан учрашади — меросхўрлигига кўра, у Елизавета II’нинг тўнғич ўғли шаҳзода Чарльз бўлади. Янги монарх ҳам халққа мурожаат қилади. Вақт бўлса, биринчи хотира маросими ўша куни кечқурун Лондон марказидаги Авлиё Пол соборида бўлиб ўтади, унда бош вазир ва юқори мартабали амалдорларнинг кичик доираси иштирок этади.

Дафн маросимини ташкил этиш

Қироллик оиласи қироличанинг дафн маросимининг режалари ҳақида унинг вафотидан кейинги биринчи куни гаплашади. Дафн маросими 10 кундан кейин амалга оширилади. Ўлимдан кейин учинчи кундан кечиктирмай, қироличанинг жасади бўлган тобут Букингем саройига олиб келинади.

Агар Елизавета II Шотландиядаги Барморал қасрида вафот этса, унинг жасади қироллик поездида Лондонга етказилади. Агар бирон сабабга кўра, бу имконсиз бўлиб чиқса, ташиш самолётда ташкил этилади. Букингем саройида тобут тахт турган хонага қўйилади. Қиролича вафотидан кейин олтинчи куни Лондон марказида дафн маросими ташкил этилади: тобут тантанали юриш орқали Букингем саройидан Вестминстерга, шу жумладан, Лондон кўприги орқали олиб ўтилади.Ҳисоб-китобларга кўра, бу йўлда 1 миллионгача одам тўпланиши мумкин.

Фото: «

Вестминстер саройида қиролича билан видолашув уч кун давом этади. Ўлимидан кейин ўн биринчи куни (Д+10) Елизавета II Виндзор қалъасидаги қирол Жорж VI ёдгорлик ибодатхонасига дафн этилади. Бу ерда унинг ота-онаси, синглиси ва эри ҳам дафн этилган.

Агар қиролича Англиянинг Норфольк шаҳридаги хусусий қароргоҳи Сандрингем саройида вафот этса, унинг жасади махсус қироллик поездида Лондондаги Сент-Панкрас станциясига олиб кетилади. У ерда тобутни бош вазир ва ҳукумат аъзолари кутиб олади.

Монарх ваколатларининг Чарльзга ўтказилиши

Фото: «BBC»

Елизавета II’нинг ўлими нафақат бир даврнинг тугашини, балки Британия монархияси тарихидаги кейинги саҳифани ҳам очади – уни янги қирол ёзиши керак бўлади. Қирол автоматик равишда, ҳатто расмий тож кийишдан олдин ҳам, Елизавета II’нинг тўнғич ўғли — шаҳзода Чарльз қирол бўлади. Унинг тож кийиш маросими онаси вафотидан кейин бир неча ой ўтгач ўтказилади. Елизавета II вафоти эълон қилинган куннинг ўзида Чарльз Буюк Британия бош вазирини қабул қилиб, халққа мурожаат қилади.

Логистика, хавфсизлик билан боғлиқ хатарлар ва одамлар оқими

«Лондон кўприги режаси» ўнлаб йиллар давомида ишлаб чиқилган ва боғбонларга буюртма қилинадиган гулдасталар сонигача бўлган маълумотларни ўз ичига олган. Тахминларга кўра, қироличанинг дафн маросимини жонли эфирда 2 ёки 3 миллиард томошабин кўриши мумкин.

Британия ҳукумати, шунингдек, Лондонда оммавий тўқнашувлар ёки тартибсизликларнинг олдини олиш учун ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва махсус вакиллар етарли бўлмаслигини, террорчилик хуружлари хавфи кескин ортиши мумкинлигини истисно этмаган. Жонли эфирлар бутун дунёга Британия пойтахтини террорчилар учун нишонга айлантириши мумкинлиги сабабли хавфсизлик кучлари ва разведка ходимлари юқори шай ҳолатга келтирилади.

Ўзбекистонда илк бор робот-жарроҳ ёрдамида мураккаб амалиёт ўтказилди
Жамият, Тошкент ш.15:08 | 28.9.22
Ўзбекистонда илк бор робот-жарроҳ ёрдамида мураккаб амалиёт ўтказилди
«Залдан чиқиб кетинг ва гувоҳномани топширинг». Умурзоқов ҳокимларни қандай ишдан олгани аудиоси тарқалди
Жамият14:46 | 28.9.22
«Залдан чиқиб кетинг ва гувоҳномани топширинг». Умурзоқов ҳокимларни қандай ишдан олгани аудиоси тарқалди
Яккасарой туманидаги «Мовий гумбаз» ҳиёбонида қуриган дарахтлар кесиб ташланади
Жамият14:16 | 28.9.22
Яккасарой туманидаги «Мовий гумбаз» ҳиёбонида қуриган дарахтлар кесиб ташланади
Тошкентда сохта маълумотлар билан банкдан 2,5 млрд сўм кредит олганлар аниқланди
Жамият13:53 | 28.9.22
Тошкентда сохта маълумотлар билан банкдан 2,5 млрд сўм кредит олганлар аниқланди
Олий суд ноҳақ айбланган фуқаронинг ҳуқуқларини тиклаб берди
Жамият13:53 | 28.9.22
Олий суд ноҳақ айбланган фуқаронинг ҳуқуқларини тиклаб берди
Ўзбекистонда куз-қиш мавсумига тайёргарлик учун 2 трлн сўм ажратилади
Жамият13:31 | 28.9.22
Ўзбекистонда куз-қиш мавсумига тайёргарлик учун 2 трлн сўм ажратилади