Тахт учун туғилмаган қиролича: Елизавета II, аслида, қандай инсон эди?

Қиролича Елизавета II отаси қирол Жорж VI вафотидан сўнг тахтга ўтирган. Британия монархи мамлакат тахтида энг узоқ вақт қолиш бўйича мутлақ рекордчи ҳисобланади.

Фото: «Sputnik»

Елизавета II ҳукмронлиги даврида Буюк Британияда ҳам, дунёда ҳам катта ўзгаришлар юз берган. Британия империя бўлишни тўхтатиб, ўзи ҳукмронлик қилган мамлакатларга мустақиллик берган. Қирол оиласи даромад ва бойликдан солиқ тўлашни бошлаган, Букингем саройи эса омма учун очилган. Елизавета II 15 та давлатнинг монархи бўлиб, унинг бошқаларни тинглаш ва тушуниш қобилияти қироличага Британия жамиятида алоҳида ўрин эгаллашига замин яратган.

Малика Лилибет

Қиролича Елизавета 1926 йил 21 апрелда туғилган бўлиб, Виндзор сулоласи вакили қирол Жорж VI’нинг тўнғич қизи ҳисобланади. У тахт учун туғилмаган. Лилибет (уни уйда шундай деб аташган) тахт учун даъвогарлар орасида учинчи ўринда турган. 1936 йилда бобоси Жорж V вафот этган. Унинг вориси Елизаветанинг амакиси қирол Эдвард VIII эди. У атиги 325 кун ҳукмронлик қилган — унгача икки марта ажрашган америкалик аёл Уоллис Симпсонга уйланиш учун Британия тахтидан воз кечган.

Буюк Британияда, қонунларга кўра, қирол ажрашган аёлга уйланиб, монархлик вазифаларини бажара олмайди. Буюк Британияни Лилибетнинг отаси — Жорж VI бошқара бошлаган. 11 ёшли Елизавета ота-онаси билан Кенсингтондан Букингем саройига кўчиб ўтган. Малика Елизавета уйда таълим олган. Санъат ва мусиқани ўрганиб, моҳир чавандоз бўлиб улғайган. Отаси тахтга келганидан кейин конституциявий тарих ва ҳуқуқдан сабоқ ола бошлаган.

Кичик командир

Жорж VI тахтга ўтирганидан уч йил ўтгач, Иккинчи Жаҳон уруши бошланган. Қирол Лондонни тарк этишдан бош тортган ва ўққа тутишлар пайтида ҳам Букингем саройида қолган. Малика Елизавета Виндзор қасрида яшаган. Айнан ўша ердан 1940 йил 13 октябрда биринчи марта радио орқали уруш туфайли уйларидан айрилган болаларга мурожаат билан чиққан. Уч йил ўтгач, биринчи марта мустақил кўриниш берган — соқчилар полкига ташриф буюрган. Елизаветанинг қироллик вазифалари билан яқинроқ танишиши 1944 йилда — бешта «давлат маслаҳатчиларидан» бири бўлиб, фронтга сафарга чиққанида отасини алмаштириш ҳуқуқини олганида бошланган.

1945 йилда бир неча ой давомида Елизавета Ёрдамчи аёллар ҳудудий хизматида ҳарбий юк машинасининг ҳайдовчиси ва механиги сифатида ҳарбий ҳамда меҳнат хизматини ўтказган, ҳайдовчилик имтиҳонидан ўтиб, кичик командир фахрий унвонига сазовор бўлган.

Шаҳзода Филипп ва оила

Фото: «Marie Claire»

Елизавета турмуш ўртоғи билан 13 ёшида, шаҳзода Филипп денгиз академиясида курсант бўлганида танишган. Бўлажак қиролича 21 ёшга тўлганида жуфтлик унаштирилганлигини расман эълон қилган. Эртаси куни улар Букингем саройидаги оммавий қабулда кўриниш берган. Тўй маросими 1947 йил 20 ноябрда Вестминстер аббатлигида бўлиб ўтган.

«Эй Худо, қироличани Ўз паноҳингда асра!»

1947 йил 21 апрелда 21 ёшга тўлгани шарафига Елизавета нутқ сўзлаган.

«Мен ҳозир битта баёнот бермоқчиман. Жуда оддий. Сизнинг қаршингизда шуни маълум қиламанки, бутун ҳаётим, хоҳ у узун бўлсин, хоҳ қисқа — сизга ва барчамиз тегишли бўлган буюк империяга хизмат қилишга бағишланади», — дея таъкидлаган Елизавета.

Қироллик оиласи бурчи уни 1952 йил 6 февралда тахтга «чақирган». Отаси ўпка саратонидан вафот этган. Ўша пайтда Елизавета турмуш ўртоғи билан Кенияда таътилда бўлган, худди шу куни Елизавета Буюк Британия қироличаси деб эълон қилинган.

Фото: «Chance for Traveller»

Ўша пайтда мамлакат бош вазири бўлган Уинстон Черчилл Африкадан қайтиб келган Елизаветани Лондон аэропортида кутиб олган. 1953 йил 2 июнь куни Вестминстер аббатлигида Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги қироличаси Елизавета II’нинг тож кийиш маросими бўлиб ўтган.

«Одамлар унинг қанчалик ақлли эканини тез орада англаб етмайди… Аммо эртами-кечми буни ҳамма тан олади», — деган эди қироличанинг биринчи хусусий котиби сер Алан Ласселес.

Жонли эфир

Қиролича Елизавета II’нинг тож кийиш маросими биринчи марта телевизорда жонли эфирда намойиш этилган. Бош вазир Черчилл оммавий ахборот воситалари вакилларига аббатликка киришига рухсат беришга қаршилик қилган. Қиролича эса журналистлар бўлишини талаб қилган.

«Одамлар менга ишониши учун мени кўриши керак», — деган Елизавета ўз талабига изоҳ бериб.

Ўшанда 8200 дан ортиқ меҳмонлар тарихий воқеа гувоҳи бўлган. Баъзи маълумотларга кўра, Буюк Британияда 20 миллиондан ортиқ одам нима бўлаётганини телевизор орқали томоша қилган. 92 давлатдан 2 минг журналист, 500 нафар фотограф тантанали тадбирдан янгиликларни эфирга узатган.

Қиролича ва унинг бош вазирлари

Фото: «Reuters»

Елизавета қандай сиёсий қарашларга эга эканлигини аниқ айтиш мумкин эмас, чунки у ҳеч қачон уларни очиқчасига билдирмаган. Қироличанинг вазифаларидан бири бу бош вазир билан ҳафталик учрашувлар бўлиб, улар кўпинча Букингем саройида бўлиб ўтади.

Ҳукумат раҳбарларининг аксарияти Британия монархи билан яқин ва ишончли муносабатларга эга бўлган ва ҳозирда ҳам шундай. Қиролича ҳукмронлиги даврида кўплаб Британия бош вазири алмашган.

Тахт учун суиқасдлар

Елизавета II ва қироллик оиласининг бошқа аъзоларининг шахсий ҳимояси ҳақида кўп нарса маълум эмас. Тож кийган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун махсус бўлинма жавобгар ҳисобланади. Миш-мишларга кўра, туну кун навбатчилик қиладиган қироллик қўриқчилари бор-йўғи 50 кишидан иборат.

Энг масъулиятли вазифа «ўқ тутувчилар» зиммасига тушади. Саёҳат пайтида, айниқса, Буюк Британиядан ташқарида, кортеж автомобиллари ва мототциклларни бошқарадиганлар учун махсус ўқитилган ҳайдовчилар жалб қилинади.

Фото: «Reuters»

Елизавета ҳукмронлиги йилларида қироллик гвардияси қироллик оиласи аъзоларининг шахсий хавфсизлигини бузиш билан боғлиқ 20 дан ортиқ воқеаларни қайд этган. 1966 йилда Елизавета  II’нинг Белфастга ташрифи пайтида унинг кортежидаги машиналардан бирига бетон блок қулаб тушган.

1970 йил апрель ойида Елизавета II Сиднейдан Янги Жанубий Уэльснинг қишлоқ хўжалиги маркази бўлган Оринж шаҳрига саёҳат қилган. Тоғли ҳудуддан ўтиб кетаётган поезд юқори тезликда ҳаракатланиши керак бўлган жойда, фитначилар поезд рельсдан чиқиб кетиши ва тўлиқ тезликда таянч деворга урилишидан умидвор бўлиб, темир йўл шпалларига тахта қўйган. Фожианинг олди олинган —поезд кутилганидан фарқли ўлароқ, ушбу ҳудудда жуда секин ҳаракат қилган.

Павел Дуров хакерлар WhatsApp орқали телефонларга киришидан огоҳлантирди
Жаҳон12:54 | 6.10.22
Павел Дуров хакерлар WhatsApp орқали телефонларга киришидан огоҳлантирди
Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасидаги пост икки кунга ёпилди
Жамият12:38 | 6.10.22
Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасидаги пост икки кунга ёпилди
«Qo‘qon etnosport chellenj—2022» республика фестивали ўтказилади
Жамият12:16 | 6.10.22
«Qo‘qon etnosport chellenj—2022» республика фестивали ўтказилади
Афғонистондаги масжидда содир бўлган портлаш қурбонлари 25 кишига етди
Жаҳон11:59 | 6.10.22
Афғонистондаги масжидда содир бўлган портлаш қурбонлари 25 кишига етди
Ўзбекистон яна 34 та замонавий электропоезд харид қилади
Жамият10:56 | 6.10.22
Ўзбекистон яна 34 та замонавий электропоезд харид қилади
Тошкентда дарахтларга яна зарар етказилаётгани аниқланди
Жамият10:38 | 6.10.22
Тошкентда дарахтларга яна зарар етказилаётгани аниқланди