Сирдарёда 7 мингга яқин психотроп дорилар ёқиб юборилди
Тадбирда ВББ ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари иштирок этган
Сирдарёда вилоят божхона бошқармаси ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан инсон онгига кучли таъсир қилувчи дори воситалари йўқ қилинди. Бу ҳақда вилоят Божхона бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, тадбирда вилоят божхона бошқармаси, Мажбурий ижро бюроси Гулистон шаҳар бўлими, вилоят Ички ишлар бошқармаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошқармаси ҳамда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси масъул ходимлари иштирок этган.

Шунингдек, масъул ходимлар томонидан «Sirdaryo Dori darmon» масъулияти чекланган жамяти омборида сақланаётган ва далилий ашё сифатида олинган 1188 дона «Tropikamid 1 % 10 ml» ва 5712 дона «Regapen 300 ml» номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари саноқдан ўтказилган.

Сўнгра далилий ашё сифатида олинган жами 6900 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари судларнинг тегишли қарорларига асосан ёқиш йўли билан йўқ қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда психотроп дорилар савдоси билан ноқонуний шуғулланган 40 дан ортиқ фуқаро ушлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкент шаҳри Учтепа ва Мирзо Улуғбек туманларида кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотмоқчи бўлганлар қўлга олинган.