«Cobalt» ўз эгасини топди: Тошкентда «Халқ юраги» туркумидаги ҳужжатли фильмлар танлови якунланди
Режиссёр Хусан Рашидовнинг «Чўлпон. Қуш эсдалиги» кинолентаси энг муносиб деб топилди
Адиблар хиёбонида 9 сентябрь куни «Халқ юраги» туркумидаги ҳужжатли фильмлар ижодкорларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

2020 йил 20 май куни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Адиблар хиёбонининг очилиш маросимида Кинематография агентлигига мажмуада ҳайкаллари ўрнатилган атоқли ёзувчи ва шоирлар ҳақида ҳужжатли фильмлар яратиш вазифаси юклатилган эди.
Бу йўналишда олиб борилган дастлабки ижод намунаси сифатида 2020 йилда ўзбек шоир ва ёзувчиларга бағишланган «Халқ юраги» ҳужжатли фильми яратилди. Кинематография агентлиги томонидан ҳар бир ёдгорликка бириктирилган олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда 24 та «Халқ юраги» номли туркум ҳужжатли фильмлар яратилди. Мазкур картиналар орасидан ҳакамлар ҳайъати режиссёр Хусан Рашидовнинг «Чўлпон. Қуш эсдалиги» кинолентаси энг муносиб деб топди.
Бугун «Халқ юраги» лойиҳасида фильмларни суратга олган режиссёрлар тантанали равишда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Таниқли киноижодкорлар, ёзувчилар, санъат ва маданият арбобларидан иборат нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан аниқланган ғолиб бош соврин – «Chevrolet Cobalt» автомобили соҳибига айланди.

«‘Чўлпон. Қуш эсдалиги’ фильми орқали мен мана шу мукофотга сазовор бўлдим. Албатта, муваффақиятга умид қилган эдик, чунки салкам 300 кишилик жамоа билан фильм устида астойдил иш олиб бордик. Ёш киноижодкорларга, хусусан, ҳужжатли фильм ижодкорларига берилаётган имкониятлар, бундай улкан рағбатлар учун муҳтарам Президентимиздан беҳад миннатдорман.
Мен умумий ғалабамизда иштирок этган барчага – жамоамга, ота-онамга, устозларимга раҳмат айтмоқчи эдим. Ўзбек киноси тарихида бундай мотивация ва рағбатлантириш биринчи марта деб ҳисоблайман», — дейди танлов ғолиби, фильм постановкачи режиссёри Хусан Рашидов.
Пойтахтдаги олий ўқув юртлари раҳбарларига «Халқ юраги» туркумидаги барча фильмлар акс этган флеш-дисклар ва альбомлар топширилган бўлса, режиссёрлар замонавий планшетлар билан тақдирланди.
«Янги Ўзбекистонда ҳужжатли фильм йўналиши юксалиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва мамлакат ҳукумати томонидан мазкур соҳанинг қўллаб-қувватланаётганидан беҳад мамнунмиз. Ўзбекистон кинематографияси тарихида илк бор ҳужжатли фильм ижодкорлари орасида йирик танлов ўтказилди.
Биз пандемия даврида 24 та фильм яратиш устида фидокорона меҳнат қилган ҳужжатли кино ижодкорларни муносиб рағбатлантиришга ҳаракат қилдик. Бош соврин – ‘Chevrolet Cobalt’ автомобили ёш киноижодкорлар учун кучли мотивация бўла олади», — деди Кинематография агентлиги бош директори.
«Янги Ўзбекистонда кинематография соҳасига, ёшлар маънавиятини юксалтириш, буюк аждодлар хотирасини ёд этиш каби бир қатор долзарб масалаларга эътибор қаратилмоқда. Биз бугун танлов ғолибини табриклаб, унга ижодий муваффақиятлар тилаб, унинг ютуқларидан фахр туйғусини ҳис этдик.
Қимматбаҳо совға тақдим этаётганимиз сабабли, турли эътирозлар вужудга келишининг олдини олиш учун ҳакамлар ҳайъати аъзоларининг овоз бериш натижалари акс этган йиғилиш баённомаси ва муҳрланган конвертлар танловнинг шаффофлигини ва адолатлилигини таъминлаш мақсадида махсус хонада очилиб, камералар қаршисида холис гувоҳлар иштирокида ўқиб эшиттирилди», — деди «Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси» ДУК директори Фурқат Усмонов.