12:39 | 10.09.22 212

Тошкентда кесилган 58 туп дарахт иши бўйича 3 киши ушланди

Қурилиш ташкилоти табиатга етказилган 797,7 млн сўм зарарни тўлиқ қоплаган

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида 58 туп дарахт кесиб ташланган қурувчи ташкилотдан етказилган зарар тўлиқ қопланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Давлат экология қўмитаси

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги ҳудудда қурувчи ташкилот томонидан 58 туп ҳар хил турдаги дарахтлар қонунга хилоф равишда кесиб юборилгани тўғрисида хабар берилганди. Махсус ишчи гуруҳ томонидан 8 сентябр тунда олиб борилган ўрганиш ишлари жараёнида «Dream House Stroy» МЧЖга тегишли ер майдонидаги манзарали ва мевали дарахтлар илдиз қисмлари билан биргаликда йўқ қилингани аниқланган эди.

Идора матбуот хизматига кўра, дарахтларни кесиш оқибатида табиатга етказилган 797,7 миллион сўм зарар қурувчи ташкилот раҳбари томонидан тўлиқ қопланган.

Шунингдек, қўзғатилган жиноят иши доирасида 3 нафар гумонланувчи шахслар Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси (Ушлаб туриш асослари) тартибида ушланган.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳри Чилонзор тумани ҳудудида юзлаб дарахтларнинг илдизи шикастлангани ҳақида хабар берилганди. Бош прокуратура маълумотига кўра, Чилонзор кўчасини реконструкция қилиш жараёнида дарахтларга зарар етказилганлиги ҳолати текширилган. Мутахассислар томонидан Чилонзор шоҳ кўчасидаги қурилиш ҳудудида мавжуд бўлган 108 та дарахтлар аҳволи ўрганилган.

Ўрганишда 7 дона эман дарахтининг томир қисми очилиши оқибатида шикаст етказилгани ҳамда дарахтлар хавф остида қолгани аниқланган. Мутахассисларнинг маълумотига кўра, ушбу ҳолатда зудлик билан чоралар кўрилмаган тақдирда шикаст етказилган дарахтлар қуриши оқибатида табиат ва атроф муҳитга 348,9 миллион сўм зарар етказилишига олиб келиши мумкинлиги кўрсатилган. Август бошида эса Чилонзорда дарахтлар шикастланиши ортидан туман ҳокими ва прокурори ишдан олинганди.