Қамчиқ довонида содир бўлган ЙТҲ бўйича қўшимча маълумот берилди
Юк машинаси ўзи билан бир йўналишдаги 8 та транспорт воситасига бориб урилган
Қамчиқда бир нечта машиналар иштирокидаги йирик ЙТҲда 3 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилинганди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.

Қайд этилишича, Поп тумани ҳудудидан ўтувчи А-373 Тошкент–Ўш ҳалқаро аҳамиятга эга автомобиль йўлининг 247-248-километрлар оралиғида 10 сентябрь куни «Volvo» русумли юк автомобили ўзи билан бир йўналишда ҳаракатланиб кетаётган «Matiz», «Cobalt», «Isuzu» юк автомобили, «Nexia-2», «Cobalt», «MAN» юк автомобили, «Cobalt» ва «Spark» автомобиллари билан тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.
Шунингдек, тўқнашув оқибатида, 3 та «Cobalt», «Spark» ҳамда юк автомобилларида ёнғин келиб чиққан ва вокеа жойида 3 нафар фуқаролар вафот этган. Автомобиллар салонида бўлган 7 нафар йўловчилар тан жароҳати олиб, Тошкент вилояти, Ангрен шаҳри ҳамда Наманган вилояти, Поп туманидаги Марказий шифохонасига юборилган.
Ушбу йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан вилоят Поп туман Ички ишлар бўлими ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Содир бўлган ҳодиса бўйича қўшимча маълумотлар бериб борилиши маълум қилинган.
Аввалроқ Жиззахда ўнга яқин машина иштирокида ЙТҲ содир бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида 5 та енгил транспорт воситаси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгани ҳамда Тошкентда 18 та машина иштирокида ЙТҲ юз бергани маълум қилинганди.