23:54 | 12.09.22 154

Қозоғистондан Ўзбекистонга гиёҳванд модда олиб ўтишга уриниш бўлди

Махсус тайёрланган ит чегарачиларга уни аниқлашда ёрдам берган

Қозоғистоннинг Туркистон вилояти чегарачилари Ўзбекистонга гиёҳванд моддаларни олиб ўтишга уринишнинг олдини олди. Бу ҳақда мамлакат Миллий хавфсизлик қўмитаси хабар берди.

Фото: Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси

Маълум қилинишича, ҳодиса 7 сентябрь куни Туркистон вилоятидаги «Сариоғаш» темир йўл назорат-ўтказиш пунктида қайд этилган. Чегарачилар умумий қиймати 1 миллион тенгедан ортиқ бўлган 690 дона «Трамадол» дори воситасини чегарадан олиб ўтилаётганини аниқлаган. Препаратлар юк поезди вагонида олиб кетилаётган бўлган.

«Ҳушёрлик ва махсус тайёрланган ‘Кайла’ лақабли ит чегарачиларга контрабандани аниқлашда ёрдам берди», дейилади хабарда. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, зарур тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Қозоғистондан Ўзбекистонга ноқонуний бензин олиб ўтилаётгани аниқланганди. Шунингдек, Ўзбекистондан Қозоғистонга 62 тонна қовун ноқонуний олиб ўтилаётгани маълум бўлган.