Рамзан Қодиров Россия армиясини танқид қилди
Чеченистон раҳбари шармандали ҳолат ҳақида гапирди
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Украинанинг Харьков вилоятидаги муҳим таъминот маркази бўлган Изюмдаги йўқотишдан кейин Россия армиясининг фаолиятини танқид қилди.

Қодиров Россия Мудофаа вазирлигининг стратегиясини танқид қилиб, агар бирор ўзгартириш киритилмаса, «мамлакат раҳбариятига вазиятни тушунтириш учун мурожаат қилишини» айтган.
«Мен Мудофаа вазирлигидаги каби стратег эмасман. Аммо хатоларга йўл қўйилди. Ўйлайманки, улар бундан хулоса чиқаради», — деган Қодиров.
Шу билан бирга, у барча ташлаб кетилган шаҳарлар рус қўшинлари назоратига қайтишини айтган.
«У ерда аллақачон бизнинг одамларимиз бор, бу иш учун махсус тайёрланган йигитлар, яна 10 минг жангчи кетишга тайёр ва биз яқин келажакда Одессага етиб борамиз», — деган Қодиров.
У уруш мухбирлари билан учрашиб, улар билан ватанпарварлик нима эканини муҳокама қилишини ҳам айтган.
«Улар майда нарсаларга кўз юмиб, ватанпарварлик кўрсатиши керак. Ватанпарвар хафа бўлмаслиги керак, кимдир нотўғри иш қилган бўлса, душмани бўлмаслиги керак», — дея тушунтирган Чеченистон раҳбари.
У қўшинларни олиб чиқиш билан боғлиқ вазият ҳақида маълумот йўқлиги шармандалик эканини қайд этган.
Аввалроқ Қодиров лавозимидан кетишга «ҳаққи йўқли»гини айтганди. Шунингдек, Рамзан Қодиров NATO давлатларини демилитаризация қилиш ҳақида гапирганди.