«Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти: талқинлар турлича, лекин ҳамкорлик асоси — битта» — Анвар Эминов

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ходими Анвар Эминов Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти ва унинг ҳамкорлик доираси ҳақида фикр билдирди.

Қайд этилишича, Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган навбатдаги саммити кўпчиликнинг диққат-эътиборида бўлиб турибди. Қуйида Анвар Эминов келтирган фикрларнинг тўлиқ кўриниши келтирилган:

«Қадимдан турли миллат вакиллари учун тарихий мулоқат майдони, маданиятлар кўприги, халқаро савдо-сотиқни ривожлантириш ва яхши қўшничиликни мустаҳакамлаш маскани сифатида ном қозонган Самарқанд шаҳрида Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтади.
Ўзбекистон раислигида ШҲТ доирасида қандай натижаларга эришилди?
Ташкилотнинг мақсад ва вазифалари ҳақида турлича талқинлар тарқатилмоқда. Аслида, ШҲТнинг устивор мақсад ва вазифалари нималардан иборат?

Инсон руҳиятини тадқиқ қилувчи руҳшунослар инсон жуда кўп ҳолларда фақат ўзи ҳохлаган нарсани кўришини исботлашган. Психологларнинг таъкидлашича, инсоннинг кайфияти, мақсад ва интилишлари унинг реал воқеликни қандай қабул қилишига биз ўйлагандан ҳам кучлироқ таъсир кўрсатади. Воқеа ва ҳодисаларни онгли тушунишимиздан ташқарида бўлган онг ости ҳодисаси атрофимиздаги реалликни аслича эмас, балки ўзимиз учун керакли ва қулай тарзда қабул қилишга мажбурлайди.
Дейл Карнегининг “Безовталикдан қандай қутулиб яшаш мумкин” китобида келтирилган мисрада айтилганидек:
“Гарчи битта деразадан қарар,
Биров балчиқ, биров юлдузни кўрар”…

Шу кунларда Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг юртимизда бўлиб ўтадиган навбатдаги саммити кўпчиликнинг диққат-эътиборида бўлиб турибди. Кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисига мезбонлик қилади. Ушбу тадбир ШҲТ етакчиларининг 2019 йилдан буён биринчи юзма-юз учрашуви бўлади ва Ўзбекистоннинг ташкилотдаги раислигига якун ясайди.

Шу муносабат кўплаб хорижий оммавий ахборот воситаларида ШҲТнинг Ўзбекистон раислигида ўтган сўнгги бир йил мобайнида эришилган ижобий натижалар ва умуман ушбу ташкилотнинг кейинги ривожланиш истиқболлари ҳақида қатор мақолалар эълон қилинмоқда.
Ўзбекистон раислиги даврида асосий эътибор ташкилот доирасида савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, саноат кооперациясини илгари суриш, транспорт-коммуникация ўзаро боғлиқлигини кенгайтириш, рақамли трансформация ва “яшил” иқтисодиёт, камбағалликни қисқартириш каби ҳамкорликнинг устувор йўналишларига қаратилгани таҳлилчилар томонидан эътироф этилмоқда.

Маълум қилинишча, Ўзбекистон Республикасининг ШҲТга раислиги режасида 80 дан ортиқ йирик тадбирлар амалга оширилган. Давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистон раислиги даврида илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш мақсадида 14 та янги концептуал ҳужжатлар лойиҳаси ишлаб чиқилган. ШҲТ доирасидаги ҳамкорлик соҳаларини мазмунан бойитиш ва институционал кенгайтиришга қаратилган бу ҳужжатлар қаторида транспорт боғлиқлигини ривожлантириш бўйича ШҲТ стратегияси, Минтақалараро савдони ривожлантириш режаси, Инфратузилмани ривожлантириш дастури, «ШҲТ Эзгу ният элчиси» институтини ташкил этиш каби лойиҳаларни алоҳида таъкидлаш зарур.

Аксари таҳлилчиларнинг фикрларига кўра, Ўзбекистон илгари сурган ташаббуслар фақат бунёдкорлик ва ҳамкорлик руҳида бўлиб, барча томонларнинг манфаатларига тўла жавоб беради ҳамда уларнинг ҳаётга тадбиқ қилиш механизмлари пухта ишлаб чиқилган. Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилишида ҳам ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янги сифат босқичига олиб чиқишга қаратилган ҳужжатлар тўплами имзоланиши кутилмоқда.
Лекин, баъзи оммавий ахборот воситалари томонидан эксперт, сиёсатшунос ёки бошқа соҳаларнинг эътироф этилган мутахасисси сифатида тақдим этилаётган айрим муаллифларнинг ШҲТнинг навбатдаги саммити муносабати билан билдираётган фикрлари мақола аввалида келтириб ўтилган инсон психологиясидаги “ҳар ким ўзи ҳохлаган нарсани кўриш” ҳодисасини исботига ўхшаб кетади.
Айрим таҳлилчилар Шанҳай ҳамкорлик ташкилотини ғарб давлатлари ва НАТОга қарши турадиган куч сифатида талқин қилишга ҳаракат қилишмоқда ва бу ҳолат ҳозирги гўёки “бир қутб”ли бўлган дунёни “кўп қутб”лига айланишига олиб келади деб умид билдиршмоқда.

Масалан, йирик бир ахборот агентлиги томонидан публицист деб кўрсатилган К. Двинский ШҲТ истиқболларини қуйидагича кўради: “Бугун Ғарб босими остида бўлган давлатлар атлантик тузилмаларга қарши зарба бериш учун ягона иқтисодий макон ва ҳарбий блокка бирлашишлари керак. Бунинг энг маъқул йўли — ШҲТ доирасида бирлашишдир”. Бу кўп қиррали тарғиботчининг таъкидлашича, америкадан бошқариладиган олдинги дунё парчаланиши аниқ бўлиб, унинг ўрнини Евроосиё маконидаги энг қудратли тузилма бўлган ШҲТ эгаллар экан.

ШҲТ нафақат НАТО (Шимолий атлантика шартномаси ташкилоти), балки ғарб давлатлари қарашига асосланган дунё тартибларига ҳам дадил қарши бормоқда, дейди Россия Халқаро муносабатлар кенгаши директори А.Кортунов.

Ҳатто айрим расмийлар ҳам ШҲТ “ғарб томонидан тиқиштирлаётган бир қутбли дунё тартибларига қарши туришга қодир бўлган кам сонли ташкилотлардан бири” дейишгача боришмоқда.

Шу маънода, Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Чжан Минг ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Самарқандда бўлиб ўтадиган учрашуви олдидан ташкилот доирасида турли блокларга қўшилмаслик, ҳар қандай учинчи томонга қарши ҳаракат қилмаслик тамойилларига қатъий риоя қилиниши лозимлигини эслатиб ўтгани бежиз эмас.
Аслида ҳам, ташкилотиннинг асосий дастури-амали ҳисобланувчи “Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Хартияси”да иштирокчи давлатларнинг БМТ Низоми мақсад ва тамойилларига, халқаро ҳуқуқнинг халқаро тинчлик, хавфсизлик ва давлатлар ўртасида дўстона муносабатларни ривожлантиришга қаратилган умумэътироф этилган меъёрларига содиқлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган.

Ушбу ҳужжатда, шунингдек, ташкилотининг мақсад ва вазифалари, унинг фаолиятининг асосий тамойиллари очиқ-ойдин ифодаланган бўлиб, иштирокчи давлатлар ўртасида ўзаро ишонч, дўстлик ва яхши қўшничиликка асосланган ҳамкорликни рифожлантириш, минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, терроризм, сепаратизм ва экстремизмнинг турли кўринишларига, жиноятчиликка қарши биргаликда курашиш шулар жумласидандир.

Барқарор ривожланишга қаратилган савдо-иқтисодий, ижтимоий-маданий ҳамкорликни рағбатлантириш, бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан алоқаларни ривожлантириш соҳасидаги вазифалар ҳам батафсил белгилаб қўйилган.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Хартиясида ташкилот фаолияти қандай принципларга асосланиши ҳам аниқ кўрсатиб ўтилган бўлиб, унда иштирокчи давлатлар мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва чегаралар даҳлсизлиги, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмасилик, халқаро муносабатларда куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал қилиш сингари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ўз аксини топганини кўришимиз мумкин.

Ҳужжатда иштирокчи давлатлар ШҲТнинг бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотларга қарши қаратилмагани тамойили алоҳида таъкидланган.
Чиндан ҳам Шанхай ҳамкорлик ташкилоти улкан салоҳиятга эга бўлган ҳамда халқаро майдонда нуфузи ортиб бораётган тузилма сифатида ўз фаолиятини турли таҳлилчиларнинг истак ва талқинлари эмас, балки ўзининг ҳуқуқий пойдевори бўлган таъсис ҳужжатларида белгиланган тамойиллар асосида олиб боради.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, ташкилот доирасидаги ҳамкорликнинг устивор йўналишлари юзасидан муносабати ҳар доим очиқ-ойдин ифодаланиб келган. Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев ташкилотга аъзо давлатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг ўтган йил 18 сентябрида Душанбеда бўлиб ўтган йиғилишидаги маърузасида мазкур ташкилотнинг учинчи давлатлар ва бошқа халқаро ташкилотларга қарши қаратилмаслик тамойилига амал қилиш, минтақавий алоқаларни кучайтириш, дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлаш сингари вазифалар устуворлигини сақлаш зарурлигини таъкидлаган эди. Ўзбекистон ушбу ташкилотнинг блокларга қўшилмаслик мақоми ва унинг фаолиятини барқарор ривожланиш мақсадларига қаратиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди», дейилади экспертнинг ёзган мақоласида.

Ўзбекистонда диплом маълумотларини электрон шаклда олиш йўлга қўйилди
Жамият20:40 | 1.10.22
Ўзбекистонда диплом маълумотларини электрон шаклда олиш йўлга қўйилди
Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонасида «Ўзбекистонлик» халқаро форуми бўлиб ўтди
Жамият20:30 | 1.10.22
Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонасида «Ўзбекистонлик» халқаро форуми бўлиб ўтди
Тошкентдаги ҳарбий госпиталда дарахтлар қуритилаётганига муносабат билдирилди
Жамият19:46 | 1.10.22
Тошкентдаги ҳарбий госпиталда дарахтлар қуритилаётганига муносабат билдирилди
Президент тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини янада кенгайтиришга доир фармонни имзолади
Жамият19:07 | 1.10.22
Президент тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини янада кенгайтиришга доир фармонни имзолади
Ўзбекистонда энг арзон палов қаерда сотилаётгани маълум бўлди
Жамият18:32 | 1.10.22
Ўзбекистонда энг арзон палов қаерда сотилаётгани маълум бўлди
Ўзбекистонда кейинги ҳафта қандай об-ҳаво кузатилиши маълум бўлди
Жамият17:45 | 1.10.22
Ўзбекистонда кейинги ҳафта қандай об-ҳаво кузатилиши маълум бўлди