Шавкат Мирзиёев: «Афғонистон ШҲТ маконининг ажралмас қисми саналади»
Президент ШҲТ тажрибасидан Афғонистонни ривожлантиришда фойдаланишни таклиф қилди
Шавкат Мирзиёевнинг «Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик» сарлавҳали мақоласи эълон қилинди.

Унда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти маданий-сивилизацион қарашлари турлича, ўз ташқи сиёсий йўналишлари ва миллий тараққиёт моделларига эга мамлакатларни бирлаштира олган ўзига хос давлатлараро тузилма экани таъкидланган. Давлат раҳбарининг қайд этишича, ШҲТ ўз моҳиятига кўра, тинчлик, ҳамкорлик ва тараққиёт йўлида бирлашишга, айирмачилик унсуридан холи бўлган жозибадор маконга айланиши лозим.
Шу сабабли ҳам ШҲТ фаолиятига қўшилиш истагидаги давлатлар сони йилдан йилга ортиб бормоқда. Бу тенденция халқаро ва минтақавий муносабатлар тизими трансформация жараёнини бошидан кечираётган бугунги шароитда яққол кўзга ташланмоқда.
Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилишдек масъулиятли вазифани ўз зиммасига олгач, асосий эътиборни ҳамкорликнинг янги уфқларини очиш ва ҳар бир иштирокчи мамлакатнинг фойдаланилмаган резервларини ишга солиш орқали Ташкилотни жадал ривожлантириш стратегиясига қаратгани таъкидланган.
«Бизнинг асосий шиоримиз – ‘Ҳар биримиз кучли бўлсаккина ШҲТ кучли бўладиʼ. Уни амалда рўёбга чиқариш йўлида Ташкилотни янада кучли ва халқаро ҳамкорларимиз учун янада жозибадор бўлишига эришиш учун жиддий ҳаракат қилдик.
Йил давомида ўтказилган саксондан ортиқ йирик тадбирлар доирасида ШҲТ учун кенг қамровли кун тартиби шакллантирилди. Бунда хавфсизлик соҳасидаги алоқаларни янада кенгайтириш, транспорт ва иқтисодий ўзаро боғлиқликни кучайтириш, Ташкилотнинг халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлаш, ривожланишнинг янги йўллари ва нуқталарини излаш каби кўплаб муҳим масалалар қамраб олинди», — дейилади мақолада.
Ўз тараққиётининг янги тарихий босқичида турган ШҲТ учун катта истиқболга эга бу йўналишлар Ўзбекистоннинг раислиги даврида тайёрланган 30 дан ортиқ концептуал дастур, келишув ва қарорларда ўз аксини топган.
Президентнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги мамлакатда кейинги олти йилда амалга ошириб келинаётган фаол ва очиқ ташқи сиёсатнинг мантиқий давоми бўлган. Бу сиёсат, энг аввало, ШҲТнинг географик ўзаги бўлмиш, бугунги кунда яхши қўшничилик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида ижобий ва ортга қайтмас жараёнлар рўй бераётган Марказий Осиё минтақасида амалга ошмоқда.
«ШҲТга аъзо барча давлатлар – энг яқин қўшниларимиз, дўстларимиз ва стратегик ҳамкорларимиздир», — дея қайд этади давлат раҳбари.
Ташкилотга раислик кўп томонлама кооперацияни янада мустаҳкамлаш баробарида ҳар бир давлат билан икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда янада кенг қамровли шериклик учун янги йўналишларни белгилаб олиш учун яхши имкониятлар бериши айтиб ўтилган.
«Шунга ишончим комилки, бугун ШҲТ доирасида шаклланган мана шундай ижобий ва муваффақиятли тажрибадан Афғонистонни ривожлантириш масаласида ҳам фойдаланиш ўта муҳим ва долзарбдир. Шак-шубҳасиз, Афғонистон ШҲТ маконининг ажралмас қисми саналади. Бугун афғон халқи қўшни ва хайрихоҳ давлатлар кўмагига ҳар қачонгидан ҳам муҳтож. Афғонистонга биргаликда ёрдам қўлини чўзишимиз, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, минтақавий ва глобал тараққиёт жараёнларига интеграциялашувига кўмаклашишимиз ва шу орқали ушбу давлатнинг кўп йиллик инқироздан чиқиши учун қулай шароит яратиб бериш бизнинг маънавий бурчимиздир.
Асрлар давомида глобал миқёсдаги давлатлар ва минтақавий куч марказлари ўртасидаги қарама-қаршиликларда буфер ролини ўтаб келган Афғонистон эндиликда Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи кўприк вазифасини бажаришдек янги тинчлик миссиясида ўзини намоён этмоғи лозим», — дейилади мақолада.
Бундай ўзаро манфаатли минтақалараро ҳамкорликнинг намунавий рамзи сифатида Трансафғон коридорининг қурилиши лойиҳасини келтириб ўтилган. Термиз—Мозори Шариф—Кобул—Пешовар темир йўли каби қўшма инфратузилма лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш орқали, ижтимоий-иқтисодий ва транспорт-коммуникация вазифаларини ҳал этибгина қолмасдан, минтақавий хавфсизликни таъминлашга ҳам салмоқли ҳисса қўшиш мумкинлиги айтилган.
Аввалроқ «Толибон» Ўзбекистонни Покистон билан боғлайдиган темир йўл йўналишини тасдиқлагани, Қозоғистон трансафғон темир йўли қурилишида иштирок этишга тайёрлигини билдиргани тўғрисида хабар берилганди.