Си Цзиньпин , Путин ва Иброҳим Раисий ШҲТ саммитида иштирок этиш учун Самарқандга келади
Шавкат Мирзиёев ҳар бир мамлакат раҳбарлари билан алоҳида учрашувлар ўтказади
Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Хитой раиси Си Цзиньпин 14-16 сентябрь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ташриф дастурига мувофиқ Самарқанд шаҳрида олий даражадаги икки томонлама музокаралар бўлиб ўтади.
Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилади.
«Ҳар доимгидек, ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари, энг аввало, савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси, энергетика, транспорт, инновациялар, ъяшилʼ ва рақамли иқтисодиёт борасидаги қўшма лойиҳалар, соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият соҳаларидаги дастурларни илгари суриш масалалари диққат марказида бўлади», — дейилади хабарда.
Ўзбекистон ва Хитой етакчилари халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашади. Учрашув якунида Қўшма баёнот ва салмоқли келишувлар тўпламини имзолаш кўзда тутилган.
Си Цзиньпин 15-16 сентябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси доирасидаги тадбирларда иштирок этади.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Россия президенти Владимир Путин ҳам 15-16 сентябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд шаҳридаги саммити доирасида ташриф билан Ўзбекистонга келади.
Ўзбекистон ва Россия етакчиларининг музокаралари кун тартибидан стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган.
Алоҳида эътибор саноат кооперациясини кенгайтириш, ҳудудлар ва ишбилармонлар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, қўшма иқтисодий лойиҳалар ва гуманитар дастурларни илгари суришга қаратилади.
Шу билан бир қаторда давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашади. Президент Владимир Путин ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси тадбирларида иштирок этади.
Бундан ташқари, Эрон президенти ҳам Иброҳим Раисий 14-16 сентябрь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади.
Олий даражадаги Ўзбекистон—Эрон музокаралари ва ташриф доирасидаги бошқа тадбирлар Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади.
«Икки мамлакат етакчилари кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалаларини кўриб чиқадилар, савдо, кооперация, инновациялар, транспорт, энергетика, туризм ва бошқа йўналишлардаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратадилар», — дейилади хабарда.
Учрашув якунида қатор қўшма ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган. Иброҳим Раисий ШҲТнинг Самарқанд саммити тадбирларида иштирок этади.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёевнинг «Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик» сарлавҳали мақоласи эълон қилинганди. Беларусь президенти Самарқанддаги ШҲТ саммитига келиши эса август охирларида маълум бўлганди.