«Artel» компанияси эгизбулоқликларга маиший техникалар совға қилди
Ҳар бир тўплам 6 та техникадан иборат
Жиззах вилояти Фориш туманида 28 та уй эгаларига 6 та техникадан иборат маиший жиҳозлар тўплами етказиб берилди. Бу ҳақда воқеада иштирок этган Bugun.uz мухбири хабар берди.

Маълум қилинишича, 12-сентябр куни Эгизбулоқ маҳалласида қўрилган 28 хонадон эгаларига «Artel» компаниясининг саховат карвони етиб борди. Ҳар бир хонадон эгаларига компаниянинг махсус сертификати, яъни 6 маҳсулотдан иборат маиший техника тўпламлари совға қилинди. Хусусан, тўплам — совутгич, газ плитаси, кир ювиш машинаси, телевизор, чангютгич ва дазмолни ўз ичига олган.
Тадбирда Фориш туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожланиш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Абдуманнон Саидхонов, туман “Нуронийлар” жамоатчилик кенгаши раиси Холмат Маматов ҳамда «Artel» компанияси раҳбарияти вакиллари ҳам иштирок этди. Артел компаниясининг Ходимлар билан ишлаш бўйича департамент директори Лазизбек Маматов аҳолини шинам ва кўркам, замонавий қурилган уйлар билан қутлаб, уларга компания совғасини топширди.

“Халқимиз азалдан бирдамлиги, жипслиги билан эътироф этилади. Айнан бугунги Фориш туманида бунёд этилган янги уй-жойларнинг мисолида ҳам давлат идоралари, ташкилот ва йирик ишлаб чиқариш корхоналарнинг бирдамлигини кўриш мумкин. Компаниямиз хайрия ишлари билан азалдан шуғулланиб келган.
Инсон қадрини улуғлаш, аҳоли турмуш тарзининг енгиллашишида кўмак бериш, қолаверса, илм-фан, спорт, китобхонлик ва бир қанча ижтимоий жараёнларда камарбаста бўлиб туришни ўз олдимизга мақсад қилганмиз. Бугунги хайрияларимиз ҳам оилаларнинг янги уйларига тўёна бўлади деган умиддамиз”, — дейди HR бўлими раҳбари Лазизбек Маматов.

Тадбирда, меҳнат фахрийлари Зулайҳо Пардаева, Сафар Соибовлар сўзга чиқиб, саҳоват ишларида ўз кўмагини аямаган инсонларга миннатдорлик билдирди. Тадбир сўнггида Артел компанияси жамоаси аъзолари хонадонма-хонадон кириб, маиший техника воситаларини уй эгаларига топширишди.
Худонинг синови экан, бошимизга шу талофот келди. Ўша вақтда мен онамнинг уйида эдим. Икки ўғлим уйда қолиб кетган. Баландлиги 1.80 метрлар бўлган сув келди. Яшаш жойимиздан буткул айрилдик. Ҳамма нарсамизни оқизиб кетди. Лекин юртдошларимизнинг меҳрибонлигини ҳис қиляпмиз. Ҳеч ким ёлғиз қолдирмади, раҳмат, президентимиз пул берди, уй қуриб берди. Мана, Артел компанияси уйимизга энг керакли бўлган барча техникаларни беряпти, — дейди шу ерда яшовчи Маҳкам Жўраев.

Эслатиб ўтамиз, «Artel» Марказий Осиёнинг энг йирик маиший техника ва электроника ишлаб чиқарувчи корхонаси ҳисобланади. Компания ўз фаолиятини 2011-йилда газ плиталарини ишлаб чиқаришдан бошлаган. Бугунги кунда Артел компанияси хонадонингиз учун зарур бўлган барча турдаги маиший техникаларни ишлаб чиқаради.
Реклама ҳуқуқи асосида