Эрон, Хитой ва Қирғизистон президентлари 14 сентябрь куни Самарқандга етиб келади
Шунингдек, БМТ бош котиби ўринбосарининг ташрифи кутилмоқда
Эрон, Хитой ва Қирғизистон етакчилари 14 сентябрь куни Самарқандга етиб келади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Қайд этилишича, Самарқандда ўтказилаётган ШҲТ саммитининг биринчи олий мартабали меҳмони – Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурелсух Самарқандга етиб келган. Шунингдек, айни дақиқаларда БМТ бош котиби ўринбосари Розмари Ди Карлонинг ташрифи кутилмоқда.
Бундан ташқари, 14 сентябрь куни Эрон президенти Иброҳим Раисийнинг расмий ташрифи бошланади. У Самарқандга тушдан сўнг етиб келади, олий даражадаги музокаралар бугуннинг ўзида бўлиб ўтади. Учрашув якунида савдо, кооперация, инновациялар, транспорт, энергетика, туризм ва бошқа йўналишларда ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.
Куннинг иккинчи ярмида Хитой раиси Си Сзинпин ва Қирғиз президенти Садыр Жапаровлар ҳам Самарқандга етиб келади.
Қолган барча меҳмонлар ташрифи эса 15 сентябрь куни кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Беларусь президенти ҳам Самарқанддаги ШҲТ саммитига келиши хабар қилинган. Шунингдек, Путин ва Лукашенко Ўзбекистонда учрашув ўтказиши маълум бўлган.