Тошкент кинофестивали доирасида Минами Хинасэ Жонни Депп билан юлдузли дуэти ҳақида айтиб берди
Актриса кинофестиваль доирасидаги ташрифи ҳақида ҳам маълумот берган
«Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивали доирасида 13 сентябрь куни актриса Минами Хинасэ иштирокида ижодий учрашув ташкил этилди. Актриса Минами Хинасэга «Минамата» фильмида Жонни Депп билан биргаликда ижро этган роли машҳурлик келтирган.

Актриса билан ижодий учрашув Бутунроссия давлат кинематография институтининг ёзги майдончасида бўлиб ўтди. Тадбирда кўплаб талабалар иштирок этди, улар актрисага ўзларини қизиқтирган саволларини беришди. Иштирокчиларнинг асосий қисми юлдузли ҳамкорлик тафсилотлари ҳақида савол берди. Минами Хинасэ бу ҳақда қуйидагиларни маълум қилди:
«Мени бу ролга танлашганини эшитиб ҳайрон қолдим, лекин янгиликдан жуда ҳам ҳурсанд бўлдим. Ушбу ролни фаолиятимнинг энг муҳим босқичлари деб аташим мумкин. Жонни Депп билан ишлаш жуда ёқимли эди. Мен ўз ролимни қандай ижро этишим ҳақида кўп ўйлар эдим ва ташвишланардим. Депп менга жараён ҳақида тушунарли тарзда маълумот берди. Менинг фикримча, фильмнинг муваффақияти жамоанинг биргаликдаги меҳнатига бевосита боғлиқ. Бу, биринчи навбатда, актёрлар таркибига тегишли».
Актриса кинофестиваль доирасидаги ташрифи ҳақида ҳам маълумот берган:
«Бугун шу ерда эканлигимдан ва ажойиб тадбирда меҳмон сифатида иштирок этаётганимдан жуда ҳам мамнунман. Кўплаб қизиқувчан нигоҳларни кузатиш мен учун ёқимли. Талабалар томонидан берилган саволларнинг барчаси ўринли эди. Иштирокчилар фаолиятим билан яқиндан таниш эканликлари мени қувонтирди. Улар ҳатто расм чизишим ва Импрессионизм» услубини ҳуш кўришим ҳақида билишар экан».