8:38 | 15.09.22 74

Арманистон Озарбайжоннинг ўққа тутиши оқибатида тинч аҳоли ҳалок бўлаётганини маълум қилди

Шунингдек, Ереван ҳарбий техникалар борасида сезиларли йўқотишларга учраган

Озарбайжон фуқаролик инфратузилмаларига зарба бериши оқибатида тинч аҳоли ҳалок бўлмоқда. Бу ҳақда Арманистон парламенти спикери Ален Симонян маълум қилди, деб хабар беради «ТАСС».


Фото: «ТАСС»

Симоняннинг қўшимча қилишича, Ереван ҳарбий техникалар борасида сезиларли йўқотишларга учраган.

«Озарбайжон кучлари қасддан фуқаролик инфратузилмаларига зарбалар бермоқда. Арманистон томонидан қурбонлар бор, жумладан, тинч аҳоли ҳам, сезиларли даражада ҳарбий техникаларимиздан айрилдик. Озарбайжон Қуролли Кучлари ҳужум уринишларини тўхтатмаяпти», — дейди Симонян.

Аввалроқ Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Арманистонни ўз позицияларини ўққа тутишда айблаган эди. Бокунинг фикрича, Ереван ўт очишни тўхтатиш режимини бузган.

Икки давлат ўртасидаги можаро 12 сентябрда кескинлашган. Кечаси Арманистон–Озарбайжон чегарасида тўқнашувлар содир бўлган, икки томондан қурбонлар ва жароҳатланганлар бор. Арманистон бош вазири Никол Пашинян 49 киши ҳалок бўлганини айтмоқда. Озарбайжон эса бу кўрсаткични ҳозирча очиқламаган. 13 сентябр куни Озарбайжон ва Арманистон Тошкент  вақти билан соат 10:00 дан бошлаб ўт очишни тўхтатишга келишиб олганди.