⚡️ШҲТнинг Самарқанд саммити якунланди

Самарқанд шаҳрида ШҲТ саммити доирасида 2 кун давом этган расмий тадбирлар ўз якунига етди. «Bugun.uz» воқеалар ривожини бир жойга жамлади.

Фото: Bugun.uz

14 сентябрь

Мўғулистон президенти Самарқандга саммит доирасида ташриф буюрган биринчи давлат раҳбари бўлди. Президент Ухнаагийн Хурелсухни Бош вазир Абдулла Арипов аэропортда кутиб олди. Шундан сўнг, Мўғулистон ва Ўзбекистон президентларининг учрашуви бўлиб ўтди.

Самарқандга ташриф буюрган кейинги меҳмон БМТ Бош котибининг сиёсий масалалар ва тинчликни барпо этиш бўйича ўринбосари Розмари ДиКарло бўлди. Бош котиб ўринбосарининг Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашуви ташкил этилди.

Шу куни Эрон Ислом Республикасининг президенти Иброҳим Раисий ҳам Самарқандга етиб келди. Бу Эрон президентларининг Ўзбекистонга сўнгги йигирма йилдаги илк ташрифи экани билан тарихий учрашувга айланди. Эрон президентининг расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Шавкат Мирзиёев билан музокараларда қатнашди. Олий даражадаги Ўзбекистон-Эрон музокараларидан сўнг турли соҳаларга оид 18 та ҳужжат имзоланди. Эрон раҳбари Шавкат Мирзиёевга Эронга ташриф буюришни таклиф қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Куннинг иккинчи ярмида Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаров ҳам Самарқандга етиб келди.

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин 14 сентябрь куни Самарқанга келган охирги давлат раҳбари бўлди.

Шунингдек, кун охирида Арманистон Бош вазири Никол Пашинян мамлакатидаги вазият туфайли Самарқанддаги саммитда қатнаша олмаслиги маълум қилинди.

15 сентябрь

Кун аввалида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон самолёти Самарқандга қўнди. Бош вазир Абдулла Арипов уни кутиб олди.

Бу кун Самарқандга келган кейинги давлат раҳбари Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳаммедов бўлди.

Шундан сўнг Россия президенти Владимир Путин ҳам Самарқанд саммитида қатнашиш учун етиб келди. Уни аэропортда Бош вазир Абдулла Арипов кутиб олди.

Ўтказилган кейинги расмий тадбир Хитой раҳбарини расмий кутиб олиш маросими бўлди. Икки давлат мадҳиялари янграб президентлар биргаликда расмга тушганларида сўнг «Буюк ипак йўли» халқаро туризм марказининг Конгресс марказида расмий музокаралар бошланди. Музокаралар якунида турли соҳаларга оид жами 15 та умумий қиймати 15 миллиардлик ҳужжатлар имзоланди.

Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси раисини «Олий Даражали Дўстлик» ордени билан мукофотлади. Хитой Раиси бундай орденга сазовор бўлган биринчи хорижий давлат раҳбарига айланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев ва Си Цзиньпин музокаралар якунланганидан сўнг «Буюк ипак йўли» халқаро туризм маркази боғига кўчат ўтказишди.

Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ҳам шу куни Самарқандга етиб келди ва Ҳазрати Хизр мажмуасига бориб, биринчи президент Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Самарқанд шаҳрига етиб келди ва у ҳам биринчи президент қабрини зиёрат қилди.

Беларус президенти Александр Лукашенко Самарқанд саммитида қатнашиш учун келди. Давлат раҳбари биринчи президент Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди.

Ўзбекистон ва Покистон президентлари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Унда Покистон раҳбари Шавкат Мирзиёевга яқинда Покистондаги сув тошқинларида зарар кўрган аҳолига жўнатилган инсонпарварлик ёрдами учун ташаккур изҳор этди. Муҳокамалар марказида транспорт ва логистика тизимидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор берилди.

Шавкат Мирзиёев Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан учрашди. Учрашувда турли соҳалардаги ҳамкорлик муҳокама қилинди. Бўлажак тадбирлар режаси, жумладан Самарқандда ўтадиган Туркий давлатлар ташкилоти саммити кун тартиби келишиб олинди.

Шавкат Мирзиёев шу куни Тожикистон, Қирғизистон, Беларусь, Туркманистон ва Россия давлат раҳбарлари билан ҳам музокаралар ўтказди. Россия президенти билан учрашувда Шавкат Мирзиёевни икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик ривожидаги хизматлари учун Россиянинг Александр Невский ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

15 сентябрь куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва рафиқаси Эмине Эрдўған ҳамда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Самарқандга келди. Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди эса кун охирида етиб келди.

Давлат раҳбарлари биргаликда «Буюк ипак йўли» халқаро туризм марказида дарахт экиш маросимида қатнашишди. Шундан сўнг «Боқий шаҳар» мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан расмий қабул маросими ўтказилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

16 сентябрь

Куннинг биринчи ярмида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг кенгашида президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Шундан сўнг ШҲТ давлат раҳбарлари кенгашининиг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Кўп ўтмай ШҲТ саммити якунлари бўйича ташкилот бош котиби Чжан Мин ҳамда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов журналистлар учун брифинг ўтказди.

Амалий ташрифни якунлашни эса Садир Жапаров бошлаб берди. Уни Самарқанд халқаро аэропортида Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кузатиб қўйди.

«Bugun.uz» эса сизга энг тезкор хабарларни бериб боришда давом этади. Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Ўзбекистонда ИИВ ходимлари кучайтирилган хизмат тартибига ўтказилди
Янгиликлар11:32 | 6.12.22
Ўзбекистонда ИИВ ходимлари кучайтирилган хизмат тартибига ўтказилди
Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президентини туғилган куни билан табриклади
Янгиликлар11:09 | 6.12.22
Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президентини туғилган куни билан табриклади
Ўзбекистон ва Қирғизистон паспорт назоратини осонлаштиради
Янгиликлар10:40 | 6.12.22
Ўзбекистон ва Қирғизистон паспорт назоратини осонлаштиради
Самарқандда ўқувчи қизнинг кўзи жароҳатланиши ортидан мактаб директори ва унинг ўринбосари ишдан олинди
Янгиликлар10:07 | 6.12.22
Самарқандда ўқувчи қизнинг кўзи жароҳатланиши ортидан мактаб директори ва унинг ўринбосари ишдан олинди
Фарғонада профилактика инспектори ўзини отиб қўйди
Янгиликлар9:30 | 6.12.22
Фарғонада профилактика инспектори ўзини отиб қўйди
Тошкентдаги квартиралардан бирида содир бўлган ёнғинда 2 киши ҳалок бўлди — видео
Янгиликлар9:06 | 6.12.22
Тошкентдаги квартиралардан бирида содир бўлган ёнғинда 2 киши ҳалок бўлди — видео