21:43 | 19.09.22 172

Бухорода зиёрат туризмини яхшилаш учун маҳаллий бюджетга 40 млрд сўм ажратиш топширилди

Мутасаддиларга ҳар йили камида 1 миллион сайёҳ жалб қилиш тўғрисида кўрсатма берилди

Президент видеоселекторда Ўзбекистоннинг зиёрат туризми имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш зарурлигини таъкидлади. Молия вазирлигига Бухорода зиёрат туризми объектлари инфратузилмасини яхшилаш учун маҳаллий бюджетга 40 миллиард сўм ажратиш топширилди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар берди.

Фото: Президент матбуот котиби

Қайд этилишича, Туризм вазирлиги олдига зиёрат туризми салоҳияти юқори Индонезия, Малайзия, Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш ва араб давлатларидан Самарқанд, Бухоро ва Тошкентга авиарейсларни кўпайтириш вазифаси қўйилди. Мутасаддиларга мамлакатимиздаги 1 минг 200 дан зиёд зиёратгоҳлар имкониятларини тўлиқ ишга солиб, йилига камида 1 миллион сайёҳ жалб қилиш дастурини тасдиқлашга кўрсатма берилди.

Шунингдек, зиёратга келаётган туристларнинг мазҳаби, тариқати, ёндашуви ҳар хиллигини инобатга олиб, қайси дин ёки мазҳаб вакилларига қандай овқатлар таклиф қилишни, меҳмонхона ва ибодат жойларини қандай жиҳозлашни илмий ёндашувларсиз қилиб бўлмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Муқаддас жойлар, авлиё ва пирлар ҳақида маълумот бера оладиган мутахассислар ва гидлар ҳам камлиги айтилди.Шу муносабат билан Ислом академияси, «Ипак йўли» университетига зиёрат туризми оқими кўп бўлган давлатлар учун илмий асосланган ёндашувларни ишлаб чиқиш топширилди.

Аввалроқ Президент 19 сентябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Транспорт вазирлигига бир қатор топшириқлар берди. бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар берганди, шунингдек, Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Шаҳрисабз, Яккабоғ, Қамаши, Касби, Косонсой, Тўрақўрғон, Арнасой, Кармана, Ургут, Шеробод, Олтинсой, Гулистон, Янгийўл, Хива туманлари ҳокимларини ишдан олганди.