«Болалар тиланчилигини жамоатчилик назоратини кучайтириш орқали бартараф этиш мумкин» — болалар oмбудсмани
Тошкентда вояга етмаган болаларнинг тинчилик қилишининг олди олинди
Тошкент шаҳри Чилонзор ва Шайхонтоҳур туманлари кесишмаси, Байналминал кўчаси чорраҳаси йўлнинг қатнов қисмида 16 сентябрь куни тахминан 3-4 нафар вояга етмаган болаларнинг тиланчилик қилиб юргани тасвирланган видео тарқалди. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили болалар oмбудсмани ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Қайд этилишича, бола ҳуқуқлари бўйича вакил мазкур видеони кўриши биланоқ тегишли чора кўрилиши учун уни Ички ишлар вазирлигининг масъул ходимига мурожаат қилган. Ҳолат юзасидан зудлик билан Чилонзор тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ва Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказининг масъул ходимлари иштирокида тезкор гуруҳ тузилиб, воқеа жойига юборилган.
Шунингдек, олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида 5 нафар вояга етмаган ва 4 нафар вояга етган бола туман Ички ишлар органи фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига олиб келиниб, шахсига аниқлик киритилган.
Аниқланишича, уларнинг барчаси Қашқадарё вилоятида рўйхатда туриши маълум бўлган. Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар асосида Бола ҳуқуқлари миллий комиссия Қашқадарё вилояти бошқармаси ва ҳудудий ички ишлар бўлимига тақдимнома киритилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда эри ташлаб кетган аёл кўчада тиланчилик қилишга мажбур бўлгани ҳақида маълум қилинганди.