Бугун оқшоми. Кўприк четига ағдарилиб кетган юк машинаси, «суратга тушган» пржевальский отлари, ҳукм ўқилган Сардоба фожиаси айбдорлари
@bugunoqshomi — бир кунда бир марта бериладиган хабарлар канали
Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.
Тошкентда юк машинаси кўприк четига ағдарилиб кетди
Тошкент шаҳар ИИББ Яккасарой туманида юк машинасининг кўприк четига ағдарилиб кетиши бўйича маълумот берди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳри Яккасарой тумани КХАЙ кўчасидаги кўприк устида 20 сентябрь куни 47 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги қурилиш чиқиндилари олиб кетилаётган «Howo ZZ3» русумли юк машинаси ҳайдовчи бошқарувни йўқотиши оқибатида кўприк четига ағдарилиб кетган. Ходиса оқибатида автоулов ҳайдовчиси чап қўл қисмидан жароҳат олиб, касалхонага ётқизилган.
Бухородаги қўриқхонада ноёб ҳайвонлар фотоқопқонга тушиб қолди
Бухоро вилоятидаги «Жайрон» питомнигига ўрнатилган фотоқопқон пржевальский отларини суратга туширди.

Маълумот учун, бу от турлари йўқолиб кетиш хавфи остида тавсифланиб, Халқаро қизил китобга киритилган. Бугунги кунда дунё бўйича бор йўғи 2000 та пржевальский оти қолган. Улардан энг кўпи ҳозирда Мўғулистонда яшайди — 500 та. Бу от турининг ўзига хос жиҳати шундаки, улар табиатига кўра бутунлай ёввойи муҳитда яшайди ва шу вақтгача уларни хонакилаштиришга қаратилган барча уринишлар самарасиз якунланган.
«Жайрон» питомнигидаги отлар эса 1987 йилда Москва ва Санкт-Петербург ҳайвонот боғларидан олиб келиниб, аввал тутқинликда сақланган ва 1992 йилда питомник ҳудудига қўйиб юборилган 2 бош отдан тарқалган. Бугунги кунда питомник ҳудудида 18 бош пржевальский оти яшамоқда.
АҚШ афғон самолётларини Ўзбекистон ва Тожикистонга бериш ҳақида ўйламоқда
АҚШ ҳукумати «Толибон» ҳокимиятни эгаллаган вақтда Афғонистоннинг олдинги ҳукумати аскарлари томонидан олиб чиқиб кетилган ҳарбий самолёт ва вертолётларни Ўзбекистон ва Тожикистонга бериш ҳақида ўйламоқда.

Маълум қилинишича, АҚШ Афғонистоннинг собиқ ҳукуматига берган 46 та ҳарбий самолётни Марказий Осиё республикаларига терроризмга қарши курашда норасмий кўмак бериш мақсадида тақдим қилмоқчи. Аввалроқ «Толибон» бир неча бор ушбу ҳарбий техникаларни қайтаришни сўраб Ўзбекистон ва Тожикистонга мурожаат қилган ва рад жавобини олган эди.
Сардоба сув омборининг ўпирилиши юзасидан 29 кишига ҳукм ўқилди
Қарийб икки ярим йил аввал, 2020 йилнинг 1 май куни юз берган Сардоба техноген фожиаси юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича 29 кишига нисбатан ҳукм ўқилди. Маълум қилинишича, 12 сентябрь куни Тошкент шаҳар судида 29 нафар судланувчига оид ёпиқ суд жараёнлари ниҳоясига етган.

Унга кўра, бир кишига 10 йил 3 ой, 2 кишига 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Яна бир нафар шахсга нисбатан 4 йилга озодликдан чеклаш жазоси белгиланган. Айбланувчилардан 23 нафарига базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 бараваридан 550 бараваригача, 5 кишига 550 баравардан 600 бараваргача миқдорда жарима жазоси тайинланган. Шунингдек, айбланувчиларнинг барчаси 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Сув омбори ўпирилишининг «сабабчиси» деб ҳисобланган «катта балиқлар» эса жазосиз қолган.
Украина ва Россия 200 нафар ҳарбий асирни алмашади
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон «PBS» телеканалига берган интервьюсида Украина ва Россия урушда асир тушган 200 нафар ҳарбийни алмашишга келишиб олганини маълум қилди. Президентнинг таъкидлашича, у бу хусусда Самарқанд саммитида Владимир Путин билан суҳбатлашган.

«У ҳақиқатан ҳам Украина билан урушни имкон қадар тезроқ якунлашни хоҳлаётганини менга кўрсатди. Менда шундай таассурот пайдо бўлди, чунки ҳозирда барчаси муаммоли кетмоқда. Томонлар ўртасидаги келишувга мувофиқ 200 нафар асир алмашилади. Ўйлайманки, олдинга муҳим қадам ташланади», — дейди Туркия еткачиси. Эрдўғон асирлар қачон алмашишига оид батафсил маълумотларни ошкор этмаган.
Бугунда қолинг. «Бугун» билан яшанг.