20:32 | 20.09.22 211

Душанбе ва Бишкек тинчлик протоколини имзолади

Томонлар ўт очиш режимини тўхтатишга сўзсиз риоя этишга келишиб олган

Тожикистон ва Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмиталари раислари Саймўмин Ятимов ҳамда Камчибек Ташиев икки мамлакат ўртасидаги можарони тинчлик йўли билан тартибга солиш тўғрисидаги протоколни имзолади. Бу ҳақда «KNews.kg» хабар берди.

Фото: Сўғд вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, янги протокол 19 сентябрь куни кечаси «Гулистон» назорат-ўтказиш пунктида ўтказилган музокаралар якунида имзоланган. Томонлар чегара ҳудудида барқарорликни таъминлаш масаласини муҳокама қилган ва ўт очишни тўхтатиш режимига сўзсиз риоя этилишини эълон қилган.

Қайд этилишича, Тожикистон асирда бўлган қирғизистонлик тўрт нафар ҳарбий хизматчини озод этган. МХДҚ раиси Камчибек Ташиев озод этилганлардан бири яраланганини, қолган уч нафари қониқарли ҳолатда эканини маълум қилган. Ташевнинг қайд этишича, улар шифохонага етказилади ва тиббий муолажа олади.

Қирғизистон МХДҚ раҳбари Тожикистон ҳудудида икки мамлакат махсус хизматчиларининг бошлиқларидан иборат комиссиялар учрашиб, «бақарорликни ўрнатиш бўйича қадамлар ташланганини» тасдиқлаган. Бошқа маълумотлар ошкор этилмаган.

Маълумотларга кўра, Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбийлари ўртасидаги можаро оқибатида 59 нафар қирғизистонлик ҳалок бўлган, яна 164 киши жароҳат олган. Уларнинг 13 нафари болалардир.

Тожикистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Содиқ Имомий 19 сентябрь кунги брифингда тўқнашувлар оқибатида 41 нафар тожикистонлик ҳалок бўлганини маълум қилганди.

Аввалроқ, 16 сентябр куни Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон чегарасида куч тузиламари вакилларининг музокаралари ўтказилаётгани тўғрисида хабар берилганди. Унда Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари — Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Камчибек Ташиев, президентнинг ваколатли вакили Абдикарим Алимбаев ва куч тузилмалари раҳбарлари қатнашган. Эртаси куни Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти («ОДКБ») Котибияти Қирғизистон—Тожикистон чегарасидаги вазиятга муносабат билдириб, музокаралар бошлаганини олқишлашини маълум қилган эди.