Озарбайжондан Самарқандга авиақатновлар йўлга қўйилади
Шунингдек, Боку—Тошкент ўртасидаги парвозлар сони оширилади
Озарбайжоннинг Azal миллий авиакомпанияси октябрь ойидан бошлаб Самарқандга авиақатновларни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда авиакомпания матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Самарқанд шаҳрига парвозлар ҳафтада икки марта — сешанба ва жума кунлари амалга оширилади.
Шунингдек, «Озарбайжон авиалиниялари» Боку—Тошкент—Боку йўналишидаги парвозларини ҳафтасига 5 мартагача оширади. Айни вақтда икки мамлакат пойтахтлари ўртасида парвозлар душанба, чорашанба ва шанба кунлари амалга оширилаётган эди — эндиликда пайшанба ва якшанба кунлари ҳам қатновлар йўлга қўйилади.
Чипталар тез орада авиакомпаниянинг расмий сайти — «Azal.uz» орқали сотувга чиқади.
Таъкидланишича, Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммитидаги иштироки доирасида Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги даражаси ҳамда Озарбайжон—Ўзбекистон муносабатлари ривожи яна бир бор намоён бўлган.
Сиёсий ва иқтисодий алоқаларнинг фаоллашуви фонида Озарбайжон ва Ўзбекистон ҳам мамлакатлар ўртасидаги парвозлар географиясини кенгайтириш бўйича фаол ишларни давом эттирмоқда.
Аввалроқ Намангандан Кувайтга мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилиши, Термиз—Санкт-Петербург—Термиз йўналиши бўйича авиақатновлар тиклангани, Бухородан Истанбулга мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилагани тўғрисида хабар берилганди.