19:10 | 21.09.22 126

Алишер Усмоновнинг Германиядаги уйларида тинтув ўтказилмоқда

Миллиардер солиқларни тўламаганликда ва «пул ювишда» гумонланяпти

Миллиардер Алишер Усмонов миллионлаб евро солиқларни тўламаганликда ва «пул ювишда» гумонланмоқда. Бу ҳақда Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази (OCCRP) хабар берди.

Фото: Getty Images

Федерал жиноий полиция идораси, Бавария штати полицияси ҳамда махсус солиқ тергови бўлинмаси ходимлари Усмоновнинг Бавария жанубида жойлашган 500 метр квадрат майдонга эга қароргоҳида рейд ўтказган. Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот органлари олигархга ва унинг синглисига тегишли қўшни икки уйда ҳам тинтув ишларини амалга оширган.

Маълумотларга кўра, сўнгги саккиз йил давомида олигарх қарийб 555 миллион евро қийматидаги солиқларни тўламаган. «Рейднинг мақсади аввалроқ Усмоновга нисбатан ташқи савдо тўғрисидаги қонунни бузиш, ‘пул ювиш’ ва солиқ тўлашдан бош тортиш гумонлари бўйича ёпиб юборилган ишларга оид далилларни қидиришдан иборат», дейилади хабарда.

Германия полицияси махсус топшириқли бўлинмалари 21 сентябрь куни Усмоновнинг Роттах-Эгерндаги яна учта уй-жойида тинтув ўтказиш учун ордерни қўлга киритган. Тафтишларда 250 нафар полиция ходими қатнашмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Венгрия Европа Иттифоқидан Алишер Усмоновга қарши санкцияларни олиб ташлашни сўрагани ҳақида хабар берилганди. «Шунингдек, ЕИдан гуманитар ёрдам учун санкциялардан озод қилиш рўйхатини кенгайтиришни сўраган». Бу «Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатларида Венгрия томонининг Европа санкцияларида бўшлиқлар яратиш нияти ҳақида қўрқувни» кучайтирган. Бир неча кун олдин Алишер Усмоновнинг синглиси Eвропа Иттифоқининг санкциялар рўйхатидан чиқарилганди.