Қозоғистонда навбатдан ташқари президент сайловлари 20 ноябрь куни бўлиб ўтади
Қосим-Жўмарт Тўқаев бу бўйича тегишли фармонни имзолади
Қозоғистонда 20 ноябрь куни навбатдан ташқари президентлик сайловлари бўлиб ўтади. Бу ҳақда «Zakon.kz» хабар берди. Қосим-Жўмарт Тўқаев бу бўйича тегишли фармонни 21 сентябрь куни имзолади.
«Қозоғистон Республикаси Президенти сайлови муддатидан олдин — 2022 йил 20 ноябрга тайинлансин. Марказий сайлов комиссияси навбатдан ташқари Президент сайловини ташкил этиш ва ўтказишни таъминласин. Ҳукумат навбатдан ташқари Президент сайловини ташкилий, моддий-техник ва молиявий таъминлаш бўйича зарур чораларни кўрсин. Остона, Олмаота, Чимкент шаҳарлари ва вилоятлар ҳокимлари сайлов ҳуқуқига эга фуқаролар рўйхатларининг ўз вақтида тузилиши ва ишончлилигини таъминласин. Марказий, ҳудудий ва участка сайлов комиссияларига навбатдан ташқари сайловни ташкил этиш ва ўтказиш масалаларини ҳал этишда ҳар томонлама ёрдам берилсин», дейилади фармонда.
Мазкур фармон расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирган.
Маълумот учун, 16 сентябрь куни парламент палаталарининг қўшма мажлисида конституцияга президент сайлови бўйича ўзгартиришлар киритилди. Энди Қозоғистонда президент бир марта етти йилга сайланади.
Аввалроқ, 1 сентябрь куни президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон халқига мурожаатномасида муддатидан олдин президентлик сайловларини 2022 йилнинг кузида ўтказишни таклиф қилганди. Давлат раҳбари, шунингдек, 2023 йилнинг биринчи ярмида парламент ва парламент сайловларини ўтказишни таклиф қилди.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 9 июнь куни Қозоғистонда навбатдан ташқари президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Ўшанда республика бўйича умумий сайловчиларнинг фаоллиги 77,4 фоизни ташкил қилган