Тошкентда айрим кўчалар «Велосипед куни» муносабати билан вақтинча ёпилади
Пойтахт ИИББ ҳайдовчларга айланма йўллардан фойдаланишни тавсия қилади
Тошкент шаҳрининг айрим кўчалари «Велосипед куни» акцияси муносабати билан вақтинча ёпилади. Бу ҳақда пойтахт ИИББ ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 22 сентябрь куни Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган «Халқаро автомобилсиз кун» муносабати билан «Велосипед куни» акцияси уюштирилади. Унда иштирокчилар Махтумқули кўчасидан «Янги Ўзбекистон» боғигача бўлган 11,5 километр масофани велосипедда босиб ўтади.
Шу сабабли пойтахтдаги Махтумқули кўчасининг Боткин кўчаси билан кесишмасидан «Янги Ўзбекистон» боғигача бўлган оралиқ соат 07:00 дан соат 09:00 гача ёпилади.
Вело-акцияда иштирок этишни хоҳловчилар 22 сентябрь куни соат 06:30 га қадар Яшнобод туманидаги Наврўз хиёбонига йиғилишлари мумкин.
«Ҳайдовчиларга айланма йўллардан фойдаланишни тавсия қилиб, ноқулайликлар учун узр сўраймиз», дейилади хабарда.
Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг «Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан 22 сентябрь мамлакатда «Автомобилсиз кун» деб эълон қилинган. 2021 йили ушбу кунда туризм вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамда журналистлар шаҳар бўйлаб велосипедда айланган эди.