Фарғонадаги корхоналарнинг бирида ёнғин содир бўлди
Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари аниқланмоқда
Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида жойлашган корхоналарнинг бирида ёнғин чиқди, деб хабар беради Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, 22 сентябрь куни соат 04:24 да шаҳарнинг «Марғилон дарвозаси» МФЙ Алишер Навоий кўчасида жойлашган ишлаб чиқариш корхонасида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида вилоят ФВБга хабар келиб тушган.
Шунга кўра, 13 та ёнғин-қутқарув экипажи воқеа жойига соат 04:26 да етиб борган, ёнғин соат 06:20 да қуршаб олинган ва соат 07:20 да бартараф этилган.
Ёнғин натижасида корхона биносининг тахминан 300 квадрат метр майдонида том қисми ёниб зарарланган.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Аввалроқ Тошкентдаги кўп қаватли уйда рўй берган ёнғинда бир киши ҳалок бўлгани, Тошкент халқаро аэропортида ёнғин чиққани, Мирободдаги ресторанда ёнғин содир бўлгани, Бухородаги қамишзорда ёнғин юзага келгани тўғрисида хабар берилганди.