Москвада сафарбарликка қарши намойиш ўтказганларга «военкомат»га чақирув қоғозлари берилди
Қўлга олинганлар чақирув қоғозини олмаса, жиноят иши очилиши билан қўрқитилган
Москвадаги бир нечта полиция идорасида 21 сентябрь куни ўтказилган сафарбарликка қарши норозилик намойишларида қўлга олинган фуқароларга «военкоматга» бориш бўйича чақирув қоғозлари берилди. Бу ҳақда «ОВД-Инфо» инсон ҳуқуқлари ҳимояси лойиҳаси хабар берди.

Чақирув қоғозлари Соколиная гора, Люблино, Измайлово, Южное Тушино, Гагаринск ва Вернандский проспекти туманларининг ИИБларида қўлга олингаларга берилган. «Яблоко» партияси аъзоси Кирил Гончаров намойишчилардан бирига топширилган шу каби чақирув қоғозининг суратини эълон қилган.

Соколиная гора тумани ИИБ ходимлари томонидан ушланган шахслардан бирининг рафиқасига кўра, унинг турмуш ўртоғига чақирив қоғозини шахсан ҳарбий комиссар топширган.
«Улар чақирув қоғозининг топширилишини видеога олган ва уларга Россия фуқароси бўлгани учун қабул қилишга мажбур эканликлари айтилиб, эртага комиссариатга бориши маълум қилинган», — дейди у.
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг маълум қилишича, қўлга олинганларнинг камида бир нафари чақирув қоғозини олмаса, жиноят иши очилиши билан қўрқитилган.
Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Россия президенти Владимир Путин мамлакатда қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилганди. Шундан сўнг мудофаа вазири Сергей Шойгу сафарбарликка кимлар жалб қилиниши ҳақида маълумот бериб, уларнинг сони 300 мингга етишини билдирди. Шу куни кечаси Россия бўйлаб сафарбарликка қарши ўтказилган акцияларда 1,4 мингдан ортиқ одам ушланган.