Россия сўнгги 10 йилда фуқароликка қабул қилинган марказий осиёликларни ҳам ҳарбий хизматга жалб қилмоқчи
Бош тортганлар нафақат ўзи, балки оила аъзолари ҳам Россия фуқаролигидан маҳрум қилиниши мукин
Россия президенти Владимир Путин томонидан эълон қилинган қисман сафарбарлик доирасида сўнгги ўн йилда мамлакат фуқаролигини олган Марказий Осиё давлатлари — Қозоғистон , Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари бир йил давомида мажбурий ҳарбий хизматни ўташи бўйича таклифлар тайёрламоқда. Бу ҳақда Миллий коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси, Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси Кирил Кабанов маълум қилди.
Унинг фикрича, ҳарбий бурчни бажаришдан бош тортиш нафақат ҳарбий хизматга мажбур бўлган шахсни, балки унинг оила аъзоларини ҳам Россия фуқаролигидан маҳрум қилишга асос бўлади.
Шунингдек, бу юқорида номлари келтирилган давлатлар ҳукуматлари томонидан ўз фуқароларининг «махсус ҳарбий операцияда» иштирок этишини расман тақиқлашига нисбатан адекват жавоб бўлиши таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Россия президенти Владимир Путин мамлакатда қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилганди. Шундан сўнг мудофаа вазири Сергей Шойгу сафарбарликка кимлар жалб қилиниши ҳақида маълумот бериб, уларнинг сони 300 мингга етишини билдирди. Шу куни кечаси Россия бўйлаб сафарбарликка қарши ўтказилган акцияларда 1,4 мингдан ортиқ одам ушланган.