Сирдарёда корхона ҳисоб рақамидан 200 млн сўм талон-торож қилингани аниқланди
Шунингдек, Тошкент вилоятида сотувчи маҳсулотларни нақд пулга сотиб, уларни ўзлаштирган
Тошкент вилоятида тадбиркорнинг маблағларини талон-торож қилиш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Прокуратура департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Гулистон шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро Р.У. ва бошқалар «И.Г.» масъулияти чекланган жамиятининг барча ишларини мустақил бажариш ҳуқуқини берувчи ишончномани олишга эришиб, корхона ҳисоб рақамидаги 200 миллон сўмни фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.
Шунингдек, департаментнинг Янгийўл шаҳар бўлими томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда «Қ.Г.» оилавий корхонаси савдо бўлими бошлиғи Н.Я. корхонада ишлаб чиқарилган 461,5 миллон сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларини нақд пулга сотиб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани маълум қилинган.
Аввалроқ Навоийда иш юритувчи 156 миллион сўм имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштиргани, Самарқандда МЧЖ раҳбари 458 миллион сўм кредит маблағани ўзлаштирган аниқлангани, Тошкентда катта миқдордаги пул маблағларини ўзлаштирган МЧЖ раҳбарларига жиноят иши қўзғатилгани тўғрисида хабар берилганди.